10:25 / 02.03.2021
4683

Тошкентда Себзордан «Мегапланет»гача бўлган йўл қачон таъмирланиши маълум қилинди

Тошкент шаҳридаги кўпгина йўллар қиш фаслидан сўнг таъмирталаб аҳволга келиб қолди. Айрим йўллар йўлсозларнинг тезкор таъмирини талаб қилмоқда. Себзор мавзесидан “Мегапланет”гача бўлган кўприклар таъмирланди. Бироқ, йўллар ҳалигача носоз аҳволда, бу кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг маълум қилишича, ушбу йўл таъмирланиши жорий йил 10 мартдан бошланади.

У жорий йил 1 март куни пойтахт ҳокимлиги мажлислар залида Тошкент шаҳрида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилда марказий ва ички кўчаларни қуриш, қайта таъмирлаш бўйича режаларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.

“Нега ҳалигача қурилиш ишлари бошланмагани ҳақидаги саволга жавоб: қурилиш-шаҳарсозлик нормалари бўйича баҳор ва ёз фаслида ҳаво ҳарорати +5 даражадан паст бўлиши керак эмас. Куз фаслида +10 даража бўлиши керак. Ҳозирги вақтда ўзингиз кўриб турибсиз, ҳаво ҳарорати тезда ўзгаряпти. Агар мана шу совуқ кунларда ишларни бошлаганимизда, асфальт қопламаси бир йилга ҳам етмасдан, ҳаммаси бузилиб кетарди. Ҳамма ускуналар шай ҳолатда турибди. Ҳозир фақат ҳавони кутяпмиз. Агар ҳаво ҳарорати шаҳарсозлик нормаларига маъқул бўлса, ишларни бошлаб юборамиз. 10-12 мартдан кейин кенг қамровли ишларни бошлаймиз”, дейди Бахтиёр Раҳмонов.

Top