13:52 / 03.03.2021
13365

«10 йилда 14 марта кўчдим» – Тошкентдаги ижара муаммоси

 Бир вақтлар хорижда жуда кўпчилик ижарада яшаши, ҳатто ижара уйда туғилиб, вафот этганлар борлиги ҳақида эшитиб, ҳайратланардик. Бу жараён аста-секин Ўзбекистонга ҳам кириб келмоқда. Йирик шаҳарларда, айниқса пойтахт Тошкентда ижарада яшовчилар сони кун сайин кўпайиб боряпти. Афсуски, таклиф талабни қондира олмаяпти ва ижара баҳоси кун сайин ошиб, даромаднинг катта қисмини олиб кетмоқда. Ҳатто пандемия даври ҳам ижара бозорига деярли таъсир қилмади.

Фото: Kun.uz

Тошкентда алоҳида квартираларнинг энг арзон ижараси 150 АҚШ доллари (1,6 млн сўм)ни ташкил қилади. Бу нархга Андижон, Самарқанд, Бухоро каби йирик шаҳарларда ўртача квартираларни ижарага олиш мумкин. Термиз, Урганч каби шаҳарларда одатда келишув қиймати сўмда ҳисобланади ва 800 минг, 1 млн сўмдан бошланади.

Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳри, ҳар бир туманида кўчмас мулк ижараси мавжуд. Кўпчиликни қизиқтирган уй-жой ижаралари сони бўйича яққол етакчилик Тошкент шаҳрида. Турли йилларда республика бўйлаб тузилган ижара шартномаларининг тахминан ярми айнан пойтахтда қайд этилган. Бу табиий ҳолат, Тошкент Ўзбекистоннинг энг йирик шаҳри бўлиш билан бирга, одамлар энг кўп интилувчи шаҳар ҳамдир.

Пойтахтда ва йирик шаҳарларда ижара келишувлари йиллар давомида сингиб кетган анъанага мувофиқ АҚШ долларида ҳисобланади. Тошкентда 150 АҚШ долларига шаҳарнинг аҳоли кўп яшовчи туманларидан жиҳозларсиз 1 хонали хонадонни ижарага олиш мумкин. Кўпчилик харидорлар ҳам айнан шу нархга ижара қидиради. Аммо сўнгги тенденцияларга кўра, бу пулга ижара уй топиш тобора қийинлашиб бормоқда.

Соҳага оид эълонлар энг кўп жойлаштириладиган Olx.uz сайти маълумотларига таяниб айтилса, Тошкентда кўп қаватли уйлардаги квартираларнинг энг қиммат ижараси 2-3 минг АҚШ долларини, ҳовлиларнинг энг қиммати 7-8 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Лекин ижарага бериладиган бундай қиммат нархдаги кўчмас мулклар одатда жуда кам бўлади.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида 100-120 АҚШ долларига Самарқанд, Андижон, Бухоро каби йирик шаҳарларда ўртача квартираларни ижарага олиш мумкин. Термиз, Урганч каби шаҳарларда одатда ижара қиймати сўмда ҳисобланади ва 1 млн сўмдан бошланади. Табиийки, туманларда янада арзон.

Ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида шартнома тузиш, олинган даромаддан солиқ тўлаш шартлиги тўғрисидаги талаблар аввалдан мавжуд бўлган. Аммо сўнгги йилларда назорат органлари ижарага берилган хонадонларни мунтазам текшириши ҳамда ноқонуний даромад учун жарима солиши, вақтинча рўйхатга қўйиш учун ҳам айнан шу ҳужжатнинг зарурлиги туфайли расмий ижара шартнома тузиш ҳажми кўпайди.

2019 йилдан бошлаб ижара шартномаларининг нотариал идораларда тўловлар билан эмас, солиқ идорасининг ўзида ёки онлайн тарзда бепул тузилиши кўпчиликка катта енгиллик берди.

Ижара олувчиларнинг касбий таснифи ва ижтимоий қатлами ҳам қизиқ маълумотларни тақдим этади.

Сон жиҳатдан энг кўп ижарага олувчилар талабалар бўлса, расмий шартномалар асосида ижарадан фойдаланувчилар орасида ҳарбийлар етакчидир. Шунингдек, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари орасида ҳам ижарага олувчилар кўпчиликни ташкил қилади.

Бундай тоифа орасида журналистлар ҳам талайгина, биз уларнинг айримларига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилдик:

1. Ижара тўловингиз қанча ва бу маошингиз ёки умумий даромадингизнинг неча фоизини ташкил қилади?

2. Қанча вақтда бери ижарада яшайсиз?

3. Ўтган давр мобайнида неча марта кўчгансиз?

Ҳамкасбларимиз ўз шахсини сир тутиш шарти билан саволларга жавоб қайтаришди.

1. К. 29 ёшда, аёл киши:

“Ўзим 2011 йилдан, оилавий 2014 йилдан ижарадамиз. 200 доллар тўлаймиз. Бу сўмда 2 млн 100 минг дегани. Қолаверса, коммунал тўловларга 200 минг сўм ажратамиз. Турмуш ўртоғим билан маошимиз 5 миллион сўм бўлса, шунинг 45-50 фоизи ижара учун кетади.

Ўтган 10 йил ичида 14 марта кўчганмиз. Энди тасаввур қилаверинг, йўлларда синган қанча идиш-товоғу, ҳар квартира учун олинган кераксиз нарсаларни...

Қизим 9 ойлик вақтида кўчишимизга тўғри келган. Ижара уйимиз сотувга қўйилганди ва уй эгаси ён қўшнимиз эди. Қизим бегона жойда ухлолмаган. Тўрт кун йиғлаб, иситмалаб қолган. Охири эски уйимиз эгасига айтганмиз. Ўзимиз бошқа уйга кўчиб ўтган бўлсак ҳам, боланинг ухлаши учун кечаси эски уйимизга бориб ётиб келардик”.

2. Л. 34 ёшда, эркак киши:

“2010 йилдан бошлаб 4 йил талабалик даврида, 2014 йилдан оилали бўлиб, жами 11 йилдан бери ижарада яшайман. Ойлик тўловим 200 доллар, маошим эса 3,5-4 млн сўм атрофида. Қўшимча ишлар билан шуғулланиб, даромад қиламан, бусиз иложи йўқ. Шу пайтга қадар 7 марта кўчганман”.

3. С. 38 ёшда, аёл киши:

“10 йилдан бери ижарада тураман, туман ҳокимлигига уй сўраб мурожаат қилганимга 7 йил бўлди, бу орада 4 марта ҳоким алмашди.

Квартирамиз учун 300 доллар тўлаймиз, чунки 3 хона уй, икки қизим бор, каттаси 16 ёшга киради, бўйи етган қизнинг алоҳида хонаси бўлиши керак. Шу кунга қадар 7 марта кўчганмиз, 5 марта мактаб алмаштирганмиз.

Мен 2,2 млн, турмуш ўртоғим 4 млн маош оламиз. Энди ҳисоблаб кўраверинг. Бу йил ипотека қилиб бўлса-да, уй олишга астойдил киришдим”.

4. О. 29 ёшда, эркак киши:

“4 йилдан бери Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ижарада тураман. Мана шу давр ичида 8 марта кўчишга улгурдим. Ҳозир 150 доллар тўлайман (2 ой аввал 200 доллар эди), коммунал хизматларга қишда ўртача 300 минг сўм тўланади. Умумий даромаднинг 60 фоиздан кўпроғини ижара учун ажратишимга тўғри келади. Бу кўрсаткич олдин 80 фоизгача етарди”.

Ижара қийматининг ойлик даромадга нисбатан ҳажми бутун дунёда ўзига хос индекс ҳисобланади. Бу борада норасмий тарзда умумқабул қилинган кўрсаткич бор – агар инсон ўз даромадининг 30 фоизини ижара учун сарфласа, ўзини иқтисодий жиҳатдан мустақил ҳисоблаши ва оиласи бюджетини ривожлантириш имкониятига эга бўлиши мумкин. Агар ижара ойлик даромаднинг 40 фоизидан ошса, оғирлик қила бошлаши, 50 фоиз ва ундан юқори кўрсаткичларга чиқиши инсонни мураккаб вазиятга тушириши ҳисоблаб чиқилган.

Юқоридаги сўровномадан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда, хусусан Тошкентда бу борада критик нуқтадан ўтиб бўлинган. Демак ижтимоий ҳимоя ҳақида фикр юритиларкан, ижарада яшовчилар муаммоларини ҳам ўрганадиган вақт аллақачон келган.

Аброр Зоҳидов

Top