16:42 / 03.03.2021
6271

Нарпай туманида 15 мартгача электр таъминотида чеклов ўрнатилди

Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳудудий электр тармоқлари корхонаси туман аҳолисига 1 мартдан 15 мартгача эрталаб ва кечки пайт тизимда қувват етишмаслиги сабабли электр энергияси таъминотида чеклов киритилиши ҳақида маълум қилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлигининг телеграмдаги расмий каналида эълон берилган. Бу ҳолатга изоҳ берган соҳа мутасаддилари умумий гапдан нарига ўтмаяпти.

2 март куни Нарпай туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан ҳокимликнинг телеграмдаги расмий каналида туман электр тармоқлари корхонаси номидан эълон берилди. Унда, тизимда қувват етишмаслиги сабабли туман ҳудудида 1 мартдан 15 мартгача эрталаб ва кечки пайт электр энергияси узатишда чекловлар ўрнатилиши маълум қилинган. Эълонга Нарпай туман электр тармоқлари бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Мирзоҳид Тоғаевнинг исм-шарифи ва имзоси қўйилган хатнинг фотосурати ҳам илова қилинган.

«Нарпай туман электр таъминоти корхонаси, «Ҳудудий электр тармоқлари»АЖ ва «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ нинг 2021 йил 1 мартдаги №10-04/141-сонли хабарномасига асосан, тизимда қувват етишмаслиги сабабли, Нарпай туман ҳудудидаги истеъмолчиларга 2021 йил 15 мартга қадар, кечки ва эрталабки максимумда электр энергия таъминотида чеклов киритилиши ҳақида маълум қиламиз.

Нарпай туман электр таъминоти корхонаси электр энергия таъминотидаги узилишлар ва ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўрайди», дейилади Тоғаевнинг хатида.

Kun.uz ушбу билдиришнома ва унга илова қилинган хат юзасидан изоҳ олиш учун Нарпай туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Мирзоҳид Тоғаев билан боғланди. Унинг айтишига қараганда унга №10-04/141-сонли хабарнома «Самарқанд электр тармоқлари корхонаси» АЖ диспетчерлари томонидан юборилган ва унда ҳокимият ҳамда маҳаллаларни огоҳлантириш сўралган. У берилган топшириқни бажарган ва ҳокимиятга хабарнома юборган. Ҳокимлик ахборот хизмати эса у юборган хабарни ҳокимликнинг расмий телеграм каналида эълон қилган. Ана шу жойигача ҳаммаси тўғри келяпти. Туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи вазифасини бажарувчи М.Тоғаев ва туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ўз вазифасини бажаряпти. Аммо «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддилари бошқа фикрда.

Мазкур масалада бизни хатнинг чиқарилгани эмас, (зеро юқорида ўша хатнинг чиқарилиши ва аҳолининг огоҳлантирилиши тўғри иш бўлганини таъкидладик) балки нега тизимда қувват етишмаётгани, Нарпай туманида истеъмолчилар нега сурункасига 15 кун (!) эрталаб ва кечки пайт чироқсиз қолиши қизиқтирди. Бу ҳақда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддиларига савол билан мурожаат қилдик. Афсуски, улар баҳор фасли келиб, кунлар анча исиб кетганига қарамасдан нега тизимда қувват етишмаётгани, Нарпай туманида истеъмолчилар нега сурункасига 15 кун (!) эрталаб ва кечки пайт чироқсиз қолиши керак, деган саволларга жавоб бериш ўрнига эътиборни ўша хатни туман ҳокимлигига юборган М.Тоғаевнинг хатти-ҳаракатига қаратишди. Жумладан, улар М.Тоғаев бундай хатни ошкор қилишга ҳаққи йўқлигини, у хатни ёзишда хатоликка йўл қўйганини бот-бот такрорлашди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари эса Нарпай тумани электр тармоқлари корхонасига юборилган №10-04/141-сонли хабарномани «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ эмас, балки «Миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги диспетчерлик маркази юборганини маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган электр энергиясининг кунлик миқдорига қараб ҳудудларга лимитлар белгиланади. Ҳудудлар эса ўша лимитни истеъмолчиларга тақсимлаб чиқади. Шундан келиб чиқилса, Нарпайда ҳам 15 мартгача ҳар кун эрталаб ва кечқурун чироқ ўчирилмаслиги, айрим кунларда, қисқа муддатга ўчирилиши умумий қилиб ёзилган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

«Миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов Нарпай тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари томонидан чиқарилган хатда агар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан берилган хабарномага кўра», деб ёзилган бўлса, бу ташкилотлар ишини муҳокама қилиш унинг ваколатига кирмаслигини маълум қилди.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб беришга масъул бўлган тўртта ташкилот (ГЭСлар ҳамда ИЭСлар тизими, «Миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ) аслида тўртта ташкилот ҳисобланса ҳам бирининг фаолияти иккинчисиники билан чамбарс боғлиқлиги учун бир-бири билан уйғун ишлайди ва уларнинг барчиси Энергетика вазирлигига бўйсунади. Шу учун барчасини вазирлик мувофиқлаштиради.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, кунлар исиб кетганига қарамасдан айрим жойларда электр энергияси узатишда чекловлар бўлаётгани бор гап. Бунга сабаб, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарувчи ГЭСлар ва ИЭСлар оғир қишки мавсумдан чиқишди ва айни кунларда уларнинг айримларида кичик таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Шу сабабли электр энергиясини ишлаб чиқариш режада белгилангандан 4-5 фоизга кам бўлаяпти. Оқибатда жойларда қисқа муддатли чекловлар ўрнатилаяпти. Шундан келиб чиқилса, Нарпай туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи М.Тоғаевнинг туман аҳолисни огоҳлантириш мақсадида ҳокимликка хат йўллаши табиий.

Энергетика вазирлиги Тоғаевга юборилган хатни «Миллий электр тармоқлари» АЖ эмас, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ диспетчерлик маркази юборганини тасдиқлади. (Тоғаевнинг хатида ҳам шундай ёзилган)

P.S. Мақола тайёр бўлиши арафасида, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати Нарпай тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Мирзоҳид Тоғаев жиддий хатога йўл қўйганини ва унга нисбатан чора кўрилишини маълум қилди. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Тоғаев жиддий хатога йўл қўймаганини ва ўз вазифасини бажарганини айтиб турганда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан унга чора нисбатан кўрилиши қанчалик тўғри ва адолатли?

Top