20:21 / 03.03.2021
12488

«Уйнинг бўлажак эгаси сифатни назорат қилиш имконига эга бўлиши керак» – Қурилиш сифатини ошириш масъулияти Раматовга юкланди

Давлат раҳбари қурилиш сифати масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳар бир лойиҳа ипотека веб-порталига жойлаштирилиши ва барча учун очиқ эълон қилиниши, уйларнинг бўлажак эгаси сифатни назорат қилиш имконига эга бўлиши кераклиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда уйлар қурилишига салоҳиятли мутахассислар, замонавий моддий-техник базага эга, молиявий барқарор пудрат ташкилотларини рейтинг тизими асосида жалб қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистонда янги тартиб асосида қуриладиган уйлар бўйича техник назоратни амалга ошириш ҳудудлардаги «Ягона буюртмачи» хизматига юклатилиши маълум қилинди.

«Қурилиш сифатини ошириш масъулиятини Раматов ва вилоят ҳокимлари ўз зиммасига олиши шарт ва зарур.

Бунда, уйнинг бўлажак эгаси ер ажратишдан бошлаб, топширилишига бўлган барча жараёнларда иштирок этишини таъминлайдиган тизим яратиш зарур.

Уй эгаси ҳар куни келиб қурилиш ишларини кўрсин, қурувчига хатоларини кўрсатсин, сифатни ўзи ҳам назорат қилсин.

Ҳар бир лойиҳа ипотека веб-порталига жойлаштирилиши ва барча учун очиқ эълон қилиниши, аҳоли фикрини билдириши учун имконият бўлиши керак.

Икки ой муддатда бўлажак уй эгаларига лойиҳа планировкаси, ишлатиладиган қурилиш материаллари, нарх-наво шаклланиши каби масалаларни тушунтириб берадиган тизим яратиш зарур.

Уйлар қурилишига салоҳиятли мутахассислар, етарли моддий-техник базага эга, молиявий барқарор пудрат ташкилотларини рейтинг тизими асосида жалб қилиш керак», деди давлат раҳбари.

Тадбирда сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов юклатилган вазифалар бўйича ўз режаларини билдирди.

«Бу фармонда кўзланган қурилишлар жараёнида қўшимча 300 минг ишчи ўринлари яратилади. Март ойи якунига қадар ерларни ажратиб олишни якунлашимиз керак.

Цемент ишлаб чиқариш бу йил 16-17 млн тоннага етказилади. Аммо қурилишлар ҳажми ҳам икки баробар ортади ва бизда 40 млн тоннага яқин цемент зарурати бўлади. Шунингдек, темир нархи ҳам ошиб бормоқда, Россияда ҳам 50 фоизга ошди, бизда 60 фоизгача кўтарилди. Биржада тоннаси 8,5 млн сўмга чиқди, 10 млн сўмгача етиши кутилмоқда. Шу боис мана шу икки маҳсулотни тўғридан тўғри олишни йўлга қўйсак», деган Раматов.

Президент бу масала бўйича шаффоф тизим яратишга кўрсатма берган.

«Бош вазир билан бирга бу масалани яхшилаб ўрганиб чиқинглар, шаффоф тизим яратилсин. Қўшимча маблағ ажратишни ҳам ўйлаб кўринглар. Муҳими, нарх ошиб кетмасин, уйлар баҳоси одамлар учун оғирлик қилмасин. Қурувчи қуриб кетаверади, лекин эртага эксплуатация қилиш сизнинг зиммангизга тушади. Уйни фақат қуриш эмас, унга бошқарув компаниялари орқали хизмат кўрсатишни ҳам сифатли йўлга қўйишимиз керак. Керак бўлса бу бўйича ҳам алоҳида қарор қабул қиламиз», дея топшириқ берди давлат раҳбари.

Top