11:20 / 03.03.2021
5744

Январ-феврал ойларида 4 мингга яқин ўзбекистонлик ишлаш учун хорижга жўнаб кетди

Ўзбекистондан январ–феврал ойларида 4000га яқин фуқаро ишлаш учун хорижга жўнаб кетди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Қайд этилишича, агентлик Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва БАА иш берувчилари билан олиб борилган музокаралар натижасида Ўзбекистон фуқароларини ушбу давлатларга ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришган.

Ушбу давлатлар иш берувчилари ва масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда кўплаб фуқаролар вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилаётгани айтилади.

Таъкидланишича, жорий йилнинг январ-феврал ойларида Россияга 3209 нафар, Қозоғистонга 488 нафар, Бирлашган Араб Амирликларига 3 нафар, Корея Республикасида ишлаш вақтида меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган фуқаролардан 101 нафари вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юборилди.

Ўзбекистон фуқаролари белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда турли объектларда иш бошлаши маълум қилинди.

Top