18:50 / 04.03.2021
37440

Цирк ҳайвони учун озуқа, гўшт ва қимматбаҳо тери: Охирги 3-4 йилда Ўзбекистонда эшаклар сони кўпайган

Ким учундир бугунги мавзу кулгили ва майда туюлар. Аммо гап инсонга узоқ йиллар давомида беминнат хизмат қилиб келган жонивор, алоҳида биологик тур ҳақида кетмоқда. Охирги йилларда Ўзбекистонда уй ҳайвони бўлган эшакни сўйиб, унинг гўштини яширин тарзда истеъмол учун бозор ва умумий овқатланиш масканларига чиқариб юбориш ҳолатлари сезиларли кўпайди.

Эшакларни аҳоли хонадонларидан арзон нархда харид қилиб, ёки ўғирлаб, цирк ва кўчма цирк ҳайвонларига озуқа сифатида ҳам бериб келишади.

Ва ниҳоят, эшак гўшти ва терисини Ўзбекистондан ноқонуний равишда олиб чиқиб, хорижга, асосан Хитойга экспорт қилинаётгани ҳақида ҳам ишончли маълумотлар учрайди.

Бу каби ҳолатларни умумлаштирганда бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам эшаклар сони кескин камайиб кетаётган ёки бутунлай йўқ бўлиб кетиш даражасига келиб қолган бўлиши мумкин.

Kun.uz мухбири шу мавзуда ўрганиш олиб борди. Сиз билан биз яшаётган даврда бир тур ҳайвоннинг бутунлай йўқолиб кетиши ачинарли, албатта.

Эшаклар уй ҳайвони сифатида

Уй эшаги инсоният учун иқтисодий фаолият ва ҳатто маданиятни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

Эшак нафақат одам томонидан қўлга ўргатилган биринчи ҳайвонлардан бири, балки юк ташишда фойдаланила бошланган биринчи ҳайвон ҳам.

Эшаклар уй ҳайвони сифатида дастлаб Нил делтаси минтақасида, жумладан, Нубияда фойдаланилган. Кейинчалик Месопотамияда кенг тарзда эшакларни қўлга ўргатиш бошланди.

Европада эшакни хонакилаштириш тарихи антик даврларга бориб тақалади.

Турли юмушларда эшакнинг қулайлиги шундаки, у ўз вазнининг 2/3 қисмигача бўлган юкларни кўтара олади.

 Технологик тараққиёт халқ хўжалигида эшакларнинг аҳамияти йўқолишига олиб келди

ХХ асрнинг биринчи ярмида технологик тараққиёт автомобиллар ва тракторларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу ўз навбатида, эшакларнинг халқ хўжалигидаги аҳамиятини камайтириб борди.

Эшаклар уларни етиштириш минтақаларининг географик жойлашуви туфайли сақланиб қолди. Қисқача тушунтирганда бу тур ҳайвонлар иссиқ, тоғли мамлакатларда ҳамда қашшоқ иқтисодиётга эга давлатларда энг машҳур бўлган. Бунга иқтисодий қашшоқ мамлакатларнинг ҳамма аҳолиси ҳам қимматбаҳо ускуналарни сотиб ололмаслиги ҳам сабаб эди.

Ўрта ва Марказий Осиё, Африка ва Яқин Шарқ каби минтақаларнинг айрим мамлакатларида эшаклар ҳамон миллий иқтисодиётни сезиларли ҳаракатлантира олувчи восита бўлиб келмоқда.

Ҳозирги кунда Европанинг ривожланган давлатлари ва АҚШда эшак боқиш ҳобби даражасида амалга оширилади. Сотиш мақсадида зотли эшакларни наслли етиштириш фермалари ҳам мавжуд.

Ўзбекистонда эшаклар сони камайиб кетяптими? Бу борада расмийлар нима дейди?

Жаҳон оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, дунёда эшаклар сони йилдан йилга камайиб кетмоқда. Айрим маълумотларда бутун дунёдаги эшаклар сони 22 миллион атрофида эканлиги айтилади.

Бир қатор олимлар эса инсониятни бу тур ҳайвонларининг бутунлай йўқолиб кетиши хавфидан огоҳлантиришмоқда ҳам.  

Хўш, Ўзбекистонда эшакларнинг ҳозирги тахминий сони қанча? Эшаклар Ўзбекистонда ҳам бутунлай йўқолиб кетиши  мумкинми?

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассисларига кўра, 2020 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда эшаклар сони 230 мингдан ортиқни ташкил этади.

Қўмита маълумотига ишонилса, Ўзбекистонда охирги 3-4 йилда бу уй ҳайвонларининг сони ҳатто бироз ўсган.

Эшак териси нима учун қимматли маҳсулотга айланди?

Дунёнинг турли давлатларида эшаклар сонининг камайиб боришига унга Хитойдан тушаётган катта талаб сабаб бўлмоқда.

Хитойда эшак гўштидан озиқ-овқат маҳсулотлари, турли таом ва дори-дармонлар тайёрланади.

Маълумотларга кўра, анъанавий Хитой тиббиётида ҳайвон терисидан олинган «эжиао» сувда эрийдиган қаттиқ хамир, айниқса аёлларда қон ҳосил бўлишини яхшилашга ёрдам беради. Бу ўпка меридианлари ва «жигар ва буйрак йинининг энергияси» билан боғлиқ. Хитойнинг эжиаога бўлган шу эҳтиёжини қондириш учун ҳар йили миллионлаб эшаклар ўлдирилади.

Хитой эжиао саноати йилига тахминан 4,8 миллион эшак терисини талаб қилади. Янги ҳисоботда айтилишича, 1992 йилда Хитойда эшаклар сони тахминан 11 миллионтани ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич атиги 2,6 миллион.

Хитойликлар эндиликда ушбу сут эмизувчиларни қўшни ва ўзига яқин республикалардан импорт қилмоқда.

ХХР эжиао ишлаб чиқарувчилари ҳозирда ўз ҳукуматидан эшак етиштиришни рағбатлантириш учун субсидияларни қидирмоқда, чунки бу ноқонуний савдони камайтириши мумкин. Бироқ, бошқа давлатлар эшак териси экспортини тақиқлаб, унга қарши қатор радикал чораларни кўрмоқда.

 Эшак ва бошқа уй ҳайвонларига ноинсоний муносабатда бўлишга қандай жазо белгиланган?

2020 йилнинг ноябр ойида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинган эди.

Унда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бунда ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уни қийнаш унинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, бу каби ҳолатлар «Ветеринария тўғрисида»ги қонуннинг тўғридан тўғри бузилиши ҳисобланиб, жиддий жазога тортилиши керак.

Қонун посбонлари, масъул идораларнинг «эшак бизнесменлари»ни қанчалик аниқлай олаётгани, «эшак қабристонлари»ни ташкил қилганлар гоҳида жазосиз қолаётгани эса яна бир мавзу.

 Илёс Сафаров тайёрлади.

Top