03:23 / 06.03.2021
16191

Самарқанд катта ўйин арафасида: «Насаф» юлдузларсиз, «Пахтакор» янги юлдузлар билан

6 март куни Самарқанддаги «Динамо» стадионида ўзбек футболида янги мавсумнинг илк ўйини ўтказилади. «Пахтакор» ҳамда «Насаф» Ўзбекистон суперкубоги учун ўйинда майдонга тушади. 5 март куни жамоалар ўйинолди машғулот ўтказишди, мураббийлар матбуот анжуманида саволларга жавоб беришди.

«Насаф» юлдузларсиз, Рўзиқул Бердиев жароҳат олган

Ўтган мавсумда Рўзиқул Бердиевнинг «Насаф»и охирги йиллардаги энг яхши мавсумини ўтказди. Юлдузларга тўла ва Осиё гигантлари сафига қайтган «Пахтакор»га асосий рақобатчи бўлган «Насаф» асосан ўз тарбияланувчилари билан ажойиб жамоага айланди. Изига тушиб олган клуб академияси ҳар йили янги ёш футболчилар етиштириб беришда давом этмоқда. Аммо ҳар йилгидек ўтган мавсум якунида ҳам яна қатор етакчилар жамоани тарк этди.

Асосий юлдуз ва тўпурар Бобур Абдухолиқов Украина чемпионатига йўл олди. Ислом Кенжабоев Кореяга кетди, Шароф Муҳиддинов «Пахтакор»га ўтди. Қаршилик мухлислар бахтига Станоевич ва Ойбек Бозоров каби етакчилар жамоада қолишди.

Ойбек Бозоров мамлакатнинг энг зўр футболчиларидан бири эканини айтган ҳолда шуни таъкидлаш мумкинки, «Насаф» эртанги ўйинда «Пахтакор» фонида олиб гапирсак, юлдузларсиз майдонга тушади.

Дарвоқе, «Насаф»нинг асосий юлдузи жароҳат олган. Одатда футболчилар жароҳати жамоаларга қийинчилик туғдирарди, бироқ «Насаф»да бош мураббий Рўзиқул Бердиев жароҳат олган. Фахрийлар ўртасидаги ўртоқлик ўйинида жароҳат олган мураббий жарроҳлик амалиётини ўтказди. Мураббий Самарқандга етиб келган ва матбуот анжуманида қатнашган ёрдамчи мураббийнинг айтишича, назарий кўрсатмаларни ҳамон ўзи бермоқда.

«Насаф» машғулотларда анча фаол қатнашди. ОАВ учун очиқ бўлган қисмда чигалёзди машғулотлари ўтказилган бўлса, кейинчалик дарвозага зарба бериш машқлари бўлиб ўтди. «Насаф» ҳам «Пахтакор» каби тактик машқларга зўр бермади. Одатда катта ўйинлардан олдин шундай бўлади ўзи.

Тўғрисини айтиш керак, матбуот анжуманида қатнашган «Насаф» ёрдамчи мураббийи Шуҳрат Тошпўлатов бўлажак ўйин олдидан режалар ҳақида айтарли фикр билдирмади ва барчаси Бердиевнинг кўрсатмаси асосида бўлишини кўп марта такрорлади.

Биласиз, Рўзиқул Бердиев иштирокида матбуот анжуманларида мураббий доим қизиқарли бирор нима айтарди, айниқса катта ўйинлардан аввал. Матбуот анжуманида қатнашган «Насаф»чилар ҳам «очилиб гапиришмади». Майли, улар гап кишиси эмас, иш кишиси эканини кўп марта майдонда исботлаган. Самарқанддаги ўйинда ҳам шунақа бўлишига умид қиламиз.

«Пахтакор» янги юлдузлар билан

Суперкубок ўзбек футболи учун доим ўтказиладиган мусобақа эмас. Охирги йилларда анъана тусига кирган мусобақа умумий ҳисобда 6-марта ўтказилмоқда. «Пахтакор» унда уч марта иштирок этиб, ҳар сафар мағлуб бўлган. «Навбаҳор», «Локомотив» ва «Насаф»га. Шу сабаб бу мусобақани ютиш «Пахтакор» учун жуда муҳим. Питер Хюистра ҳам суперкубокни ютган илк «Пахтакор» мураббийи бўлишни хоҳлашини айтди.

«Пахтакор» ўтган мавсум якунида кўплаб етакчиларини йўқотди. Жамоани асосий юлдуз ва етакчи Жалолиддин Машарипов тарк этди. Футболчи ниҳоят ўз орзусига эришиб, чет элга кетди. Шунингдек, Игорь Сергеев ва Достон Ҳамадов каби ҳужум чизиғи вакиллари легионерга айланди.

Бироқ «Пахтакор» таркиби янги юлдузлар билан бойиди. Асосий трансфер Сардор Рашидов бўлди. Ўзбек футболининг охирги йиллардаги энг ёрқин вакилларидан бўлган Рашидов хориждаги ностабил фаолиятдан мамлакатнинг энг зўр жамоасида ўйнашни маъқул кўрди. Бу ҳолат кўпчиликни қувонтирди, чунки ўзбек мухлислари кўз ўнгида футболчи танқидларга учрамаслик учун ҳам камида ўз ҳолатига қайтишга интилади.

«Пахтакор» сафида яна қатор янги юлдузлар пайдо бўлди. Масалан, «Навбаҳор»ни янги даражага олиб чиқишда асосий фигура бўлган Азиз Турғунбоев. Азиз олдин ҳам бир марта «Пахтакор»га келган, лекин кўплаб эълон қилинган ва эълон қилинмайдиган сабабларга кўра яна «Навбаҳор»га қайтиб кетганди. Азиз машғулотларда ўзгача иштиёқ билан қатнашаётгани сезилди, ахир у ниҳоят ўзи хоҳлаган жамоага ўтди.

Ўтган мавсумда асосан Олмалиқдаги ўйинлари билан танилган Ҳожимат Эркинов борган сари яхши формага кириб бормоқда. У асосий таркибга кириш учун ўзидан катта футболчиларга яхшигина рақобатчи бўла олишини исботлади. Ҳожимат миллий жамоага ҳам доимий чақирилмоқда. Бу кетишда Эркинов тез орада катта футболчига айланади.

Шароф Муҳиддинов ҳам «Насаф»дан «Пахтакор»га ўтганини унутмаслик керак. У ҳам чап қанотда, ҳам марказий яримҳимояда жуда яхши ўйнай олади.

Сардор Рашидов vs «Насаф»

Матбуот анжумани давомида Сардор Рашидовдан «Ал Жаиш» сафида «Насаф»га қарши ўтказган ўйини ҳақида сўрадик. Ўша ўйинда Сардор «Насаф» дарвозасига 88-дақиқада гол урган ва жамоасига ғалаба келтирганди. Голни катта хурсандчилик билан нишонлаган Сардор қаршилик мухлислар томонидан танқид ҳам қилинган. Футболчи ўша ўйинни яхши эслашини, мухлислар ҳуштакбозлигига тайёр эканини, ўйинга қўллаб-қувватлаш учун «Пахтакор» мухлислари ҳам келишини айтди.

Имкониятлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мавсумга Дубайда кучли жамоаларга қарши ўйинлар орқали тайёргарлик кўрган «Пахтакор» устун десак, муболаға бўлмайди. Бироқ «Насаф» катта ўйинларда, айниқса «Пахтакор»га қарши қандай ўйнашни билади. Хуллас, ҳаммасини «Динамо»даги ўйинда билиб оламиз. Ўйин 16:00 да бошланади, стадионга мухлислар киритилади, чипталар стадион кассаларида сотилмоқда.

Top