Спорт | 21:23 / 29.05.2024
9737
2 дақиқада ўқилади

«Насаф» пеналтилар сериясида «Пахтакор»ни мағлуб этиб, Ўзбекистон Суперкубоги соҳибига айланди

Ўзбекистон Суперкубоги ўйини доирасида мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Пахтакор» ва кубок соҳиби «Насаф» ўзаро майдонга тушди.

Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида 14 мингдан ортиқ томошабин қаршисида ўтган учрашувнинг 54-дақиқасида бош ҳакам Азиз Асимов VAR’ни текшириб, қаршиликлар дарвозаси томон пеналти белгилади. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Драган Черан ҳисобни очди – 1:0.

Иккинчи бўлимнинг 74-дақиқасида Рўзиқул Бердиев кетма-кет учта ўзгаришни амалга ошириб, жамоасининг ҳужумкорлигини оширди. Натижада, 80-дақиқада Мурод Раҳматовнинг узатмасидан сўнг Шароф Муҳитдинов жарима майдони ташқарисидан йўллаган кучли зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Учрашувнинг асосий вақти 100 дақиқадан ҳам ортиқ давом этган бўлса-да, кучлар тенг келиб, жамоалар пеналтилар сериясига таклиф этилди. Лотереяда эса омад «Насаф»га кулиб боқди. Жамоаларнинг дастлабки зарбаларини ижро этган гол муаллифлари Муҳитдинов ва Чераннинг зарбасини дарвозабонлар қайтариб қолишди. Насруллаев ва Холматов ҳам зарбадан фойдалана олишмади. Қаршиликлар дарвозабони Абдувоҳид Неъматов 3та зарбани қайтариб, жамоасига ғалабани келтирди. 

Шу тариқа, «Насаф» ўз тарихида 3-марта Ўзбекистон Суперкубогига эга чиқиб, бу борада ҳам пешқадамга айланди.

Ўзбекистон Суперкубоги-2024.

«Пахтакор» – «Насаф» - 1:1. Пеналтилар серияси: 3:4
Бош ҳакам:
 Азиз Асимов
VAR: Аҳрол Рисқуллаев;
Голлар: Драган Черан 54 пеналтидан – Шароф Муҳиддинов 80.
«Пахтакор»: 35. Павел Павлюченко, 2.Беҳрўз Асқаров (15.Диёр Ортиқбоев, 86), 3.Шаҳзод Азмиддинов, 5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 8.Диёр Холматов, 10.Драган Черан, 17.Достонбек Ҳамдамов, 18.Саидумархон Саиднуруллаев, 22.Умар Адҳамзода, 31.Муҳаммадали Усмонов, 55.Муҳаммадрасул Абдумажидов.
«Насаф»: 35.Абдувоҳид Неъматов, 7.Акмал Мозговой, 8.Зафармурод Абдураҳматов (6. Муроджон Раҳматов, 74), 14.Шароф Муҳитдинов, 27.Ислом Кенжабоев (30. Темур Чогадзе, 74), 28.Шуҳрат Муҳаммадиев, 32.Зоран Марушич (10. Бобур Абдухолиқов, 73), 34.Шерзод Насруллаев, 70.Жаба Жигаури (20. Виктор да Силва, 74), 77.Ойбек Бозоров, 88.Марко Станоевич (9. Жавоҳир Сидиқов, 83).

Мавзуга оид