16:52 / 10.03.2021
2336

2020 йилда илмий лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми 425 млрд сўмни ташкил этган — Инновация вазирлиги

Миллий матбуот марказида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Илмий лойиҳаларни грант асосида молиялаштириш» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, анжуманда 2020 йил давомида илмий грантларга сарфланган маблағлар тўғрисида маълумот берилди.

Унга кўра 2020 йилда жами молиялаштириш ҳажми 425 млрд сўмни ташкил этган, булар - фундаментал, амалий, инновацион ҳамда мақсадли лойиҳалар. Давлат буюртмаси асосида 116,8 млрд сўмлик 218та лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилган.

«2020 йилда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида йиллик молиялаштириш ҳажми 425,0 млрд сўмлик 1313та лойиҳа бажарилди, шу жумладан 74,4 млрд сўмлик 334та фундаментал, 289,9 млрд сўмлик 845та амалий, 41,3 млрд сўмлик 81та инновацион, 12,5 млрд сўмлик 28та мақсадли лойиҳа, 6,9 млрд сўмлик 25та халқаро қўшма лойиҳаларнинг бажарилиши таъминланди.

2020 йилда илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ умумий қиймати 116,8 млрд сўмлик 218та лойиҳа молиялаштиришга тавсия этилди.

Умумий қиймати 6,9 млрд сўмлик 25та («Ўзбекистон-Беларус», «Ўзбекистон-Германия» ва «Ўзбекистон-Туркия») халқаро қўшма лойиҳаларнинг бажарилиши мувофиқлаштирилди. 2021-2022 йилларга бажарилиши мўлжалланган Туркия, Хитой ва Ҳиндистон давлатлари билан қўшма лойиҳаларга танловлар эълон қилинди. «Ўзбекистон-Туркия» халқаро қўшма илмий лойиҳалар танловига тақдим этилган 39та лойиҳадан, ҳамкорликдаги экспертиза натижаларига кўра, Туркия ва Ўзбекистон томонидан ижобий хулоса олинган умумий қиймати 3,8 млрд сўм миқдоридаги 4та лойиҳа молиялаштирилди.

«Ўзбекистон-Хитой» халқаро қўшма илмий лойиҳалар танловига тақдим этилган 61та лойиҳадан, ҳамкорликдаги экспертиза натижаларига кўра, умумий қиймати 19,4 млрд сўм миқдоридаги 20та лойиҳа молиялаштирилди. «Ўзбекистон-Ҳиндистон» халқаро қўшма илмий лойиҳалар танловига тақдим этилган 137та лойиҳадан, ҳамкорликдаги экспертиза натижаларига кўра, умумий қиймати 27,3 млрд сўм миқдоридаги 23та лойиҳа молиялаштирилди. «Ўзбекистон-ЕАПИ» илмий лойиҳалар танловига келиб тушган 37та лойиҳадан ижобий хулоса олган, умумий қиймати 3,0 млрд сўм миқдоридаги 2та илмий лойиҳа молиялаштирилди.

Илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилди.

Бухоро пахтачилик-тўқимачилик кластери томонидан 15,0 млрд сўм маблағ ажратилди ва давлат буюртмаси доирасида корхона муаммолари ечимига қаратилган тематик лойиҳалар танловлари ташкил қилиниб, натижаларига кўра тенг шерикликда молиялаштириш ташкил этилди», дея маълумот берди вазирлик матбуот хизмати.

Top