Жорий йил 15 ноябрига қадар докторантура босқичи учун инглиз тилидан ўтказилган имтиҳон натижалари бекор қилинди. Унга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2022 йил 15 ноябрдаги 01-10/6536-сонли хати асос қилиб кўрсатилмоқда.

Президентнинг 2021 йил 19 майдаги қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиш тартибини жорий этиш белгиланган эди.

Натижада докторантура учун фақатгина тил сертификати бор бўлган талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинди. 15 сентябрдан 15 октябргача докторантура босқичи учун талабгорларнинг ҳужжат топшириши белгиланган бўлиб, кўрсатилган муддатда квоталар тўлмади. Мисол учун Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг Ўзбек адабиёти йўналишига таянч докторантурага 12 ўрин учун 3 нафар талабгорнинг ҳужжатлари қабул қилинган.

Шу сабаб қабул муддати 22 октябргача узайтирилди ва сертификат олишга улгурмаган талабгорлар ҳам танловда иштирок этишлари мумкинлиги айтилди. Шундан сўнг ҳужжат топширувчилар сони кескин ошди. Ўзбек тили ва адабиёти университетининг айнан шу йўналишига топширилган ҳужжатлар сони 36 тага етди.

2 ноябр куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида олий таълимдан кейинги таълим шаклига ҳужжат топшириш учун тил сертификати масаласи кўриб чиқилиб, бу йилги докторантура (PhD, DSc) ихтисосликлари учун талабгорлар чет тили сертификати йил охиригача олиш шарти билан қабул қилиниши белгиланганди.

Шундан сўнг миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат олиш тартиби Президент администрациясининг жорий йил 4 ноябрдаги (№02-ПА 1/1-1672) топшириғига мувофиқ, олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликлари учун танловларда иштирок этувчи талабгорларга биринчи ўқув йили давомида жорий этилиши эълон қилинди.

Бир нечта олийгоҳда чет тилидан имтиҳонлар ўтказиб бўлинган бир вақтда “юқоридагилар” энг паст даражада бўлса ҳам, сертификат олиниши керак, деган қарорга келишди чоғи, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан барча ОТМ ва тадқиқот институтларининг чет тилидан ўтказилган имтиҳон натижалари бекор қилинди.