23:32 / 10.03.2021
15823

Олимлар аср охирида ёз фасли 6 ой давом этиши мумкинлигини айтди

Хитойлик олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, 2100 йилга келиб глобал исиш оқибатида сайёрамизда ёз фасли ўртача 6 ой давом этиши мумкин. Ушбу ўзгаришлар одамлар ҳаёти, ҳайвонлар ва ўсимликларга таъсир кўрсатади.

Фото: DPA

Geophysical Research Letters нашрига кўра, олимлар 1952 йилдан 2011 йилгача ёз фасли давомийлиги 78 кундан 95 кунгача узайганини, қиш давомийлиги эса 73 кунгача қисқарганини аниқлашди. Фасллар давомийлигидаги энг катта ўзгаришлар Ўрта ер денгизи ҳудуди ва Тибет тоғлигида юз берган.  

“Шимолий яримшарнинг ўрта кенгликларида ёз узайганини, қиш эса қисқарганини аниқладик. Баҳор ва куз фасллари давомийлиги қисқарган. Глобал исишнинг ҳозирги суръатлари ўзгаришсиз қолса ҳам, мавсумлар алмашиши вақти келажакда барибир ўзгаради. 2100 йилга бориб ёз тахминан 6 ой, қиш эса 2 ойдан камроқ давом этади”, деб ҳисоблашмоқда олимлар.

Уларнинг фикрича, бундай ўзгаришлар қишлоқ хўжалигида, қушларнинг мавсумий миграциясида жиддий муаммоларга олиб келади, аллергияга мойиллар ҳамда юқори ва паст қон босимидан азият чекувчи одамларга қийин бўлади.

2020 йилда Арктика ва Сибир шимоли бутун сайёрага қараганда тезроқ исишда давом этган. Бунда ушбу ҳудудлардаги баъзи жойларда ҳарорат меъёр сифатида олинган 30 йиллик ўртача кўрсаткичдан 6 даража юқори бўлган.

Top