17:47 / 16.03.2021
10755

«Экспорт режаси советдан қолган» — Экспортчилар уюшмаси раиси экспортёрлар дуч келаётган муаммолар ҳақида

Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг муаммоларидан бири банкларда экспорт учун махсус хизматлар мавжуд эмаслигидир. Ҳокимликлардаги «экспорт режаси» тизими эса совет (даври)дан қолган. Бу экспортда бюрократия ва коррупцияни келтириб чиқармоқда.

Мухтор Умаров

16 март куни «Ўзбекистон экспортини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш» мавзусида бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров экспортчи тадбиркорларни қийнаётган долзарб муаммолар ҳақида гапирди.

Махсус банк хизматларининг йўқлиги

Уюшма раисининг таъкидлашича, экспорт соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қийнаётган энг долзарб масалалардан бири банкларда экспорт учун махсус банк хизматлари йўқлигидир.

«Бу эса бизнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигимизни кескин тушириб юбормоқда. Мисол учун, суғурталаш асосида маҳсулотни 3 ойдан - 6 ойгача бўлиб тўлаш шарти билан сотиш механизми бизда мутлақо ишламаяпти. Факторинг, дискаунтинг каби механизмлар бизнинг банкларда деярли йўқлиги ҳам ачинарли ҳолат»,- дейди у.

Экспорт қилувчиларга жарималар қўллаш амалиёти мавжудлиги

Мухтор Умаров тўхталиб ўтган иккинчи долзарб муаммо бу юклаб жўнатиладиган товарлар ва кўрсатилган хизматлар учун тушумлар экспорт қилувчи корхонанинг ҳисоб рақамига вақтида ва тўлиқ келиб тушиши учун жавобгарлик белгиланганлиги. Бу пандемия шароитида қийналиб қолган тадбиркорларни жарима қўллаш орқали янада оғир аҳволга солиб қўймоқда.

«Маълумки, экспорт-импорт операциялари учун валюта назорати тўғрисидаги низом талабларига кўра, юклаб жўнатиладиган товарлар ва кўрсатилган хизматлар учун тушумлар экспорт қилувчи корхонанинг ҳисоб рақамига ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушиши учун жавобгарлик белгиланган.

Aмалдаги тартиб-қоидаларга кўра, муддати ўтган дебиторлик қарзларига йўл қўйган яъни экспорт қилган маҳсулот ёки хизмати учун 180 кун давомида пул маблағлари келиб тушишини таъминламаган экспорт қилувчига келиб тушмаган пул маблағлари суммасининг 10 фоизи, кейинчалик, яъни 365 кун ўтгандан сўнг, 20, 70, 100 фоизлик жарималар белгиланган. Яъни экспортёр ўз маҳсулотини экспорт қилди ва маълум сабабларга кўра, чет элдаги компания унга маҳсулот пулини бермаса, шу муддатлардан кейин уларга жарима ёзилишни бошлайди. Дейлик, 100 минг долларлик пул келмаган бўлса, бир қанча босқичда 20 фоиз (20 минг доллар), 30 фоиз (30 минг доллар) ва ниҳоят 100 минг долларгача жарима белгиланиши мумкин.

Ҳозирги пандемия шароитида кўп тадбиркорларни бу масала қийнамоқда. Ўзи чет элдан пулларини ололмай хуноби чиқиб турган одамга яна жарима қўллаш механизми бу тўғри эмас. Туркия, Малайзия тажрибасини ўргандик, албатта валюта назорати муҳим, лекин жарималар қўйилишини бу давлатларнинг ҳеч бирида кўрмадик»,- деди Мухтор Умаров.

Совет давридан қолган «экспорт режаси»

Уюшма раиси, ҳокимликлардаги совет пайтидан қолган «экспорт режаси» тизими тадбиркорларни қийнаётган оғриқли муаммолардан яна бири эканлигини таъкидлади.

«Экспорт режаси шундай тизимки, тадбиркорларга сен бу йил мана бунча маҳсулотдан экспорт қилишинг шарт деган режа қўйилади. Бу режалар туфайли аксар тадбиркорлар кўп хатоликларга йўл қўяди, уларнинг маҳсулотларини хорижга пулини олмасдан чиқариб юборишларига олиб келмоқда. Натижада, бюрократия ва кўплаб коррупцион ҳолатларни келтириб чиқармоқда»,- деди Умаров.

Aввалроқ, 2021 йилда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича янги қарор имзолангани маълум қилинган эди.

Унда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида доимий фаолият юритувчи ҳудудий экспорт штаблари ташкил этилиши, 1 февралдан бошлаб экспортчи ташкилотларга экспортолди молиялаштириш ажратилиши кўзда тутилган эди.

Top