Иқтисодиёт ассамблеяси раҳбари Мухтор Умаров қишлоқ хўжалиги кооперативларига қилинаётган босимлар борасида бир нечта ташкилот раҳбарларига видеомурожаат билан чиқди.

“Бу очиқ видемурожаатимни йўллашимдан максад – шошилинч тарзда ечилиши зарур бўлган муаммо ҳақида айтмоқчиман. Аслида қуйида хабар бераётганим муаммо бўйича биз президент администрацияси ва бошқа мутасадди ташкилотларга материалларни юбориб, улар билан ишлашни бошлаб юбордик. Сизларнинг вақтингизни кўп сарфламаслик учун видеомурожаат қиляпман.

Муаммо – қишлоқларда, далаларда фермерлар билан кластерлар ўртасидаги келишмовчиликлар. Биз жойларга чиқиб, ўрганишларни олиб бордик, жамоатчилик билан, фаоллар билан биргаликда деҳқонлар, фермерларимизнинг ўз пулларини тикиб, етиштирган пахталарини қайсидир бир кластерга мажбуран сотишга зўрлашяпти, уларга босим ўтказиляпти, қўлларини қайириб, прокуратурага олиб бориляпти, улар кластерга топширган пахталарини бошқа кластерга ўтказишга мажбурлашяпти, оилаларига тажовузлар қилишяпти, “мана бу нархга сотасан, бу нархдан сотмайсан” дейилган ҳолатлар ҳақида маълумотлар келиб тушяпти. Буларни E-xat.uz орқали расмий равишда юборамиз. Буларни ўрганиб, тегишли хулоса чиқаришингизни сўраймиз.

Нега фермерлар баъзи кластерлар билан ишлашни исташмаяпти? Бунинг сабаблари бор. Биз сабабларини ўрганиб чиқдик. Биринчидан, баъзи кластерларда тўловлар вақтида қилинмайди, ёки пахта паст сортларга туширилиб, сунъий равишда арзонлаштириляпти. Ёки 10 фоизлик скидка билан қабул қилиш ҳолатлари... Ўн фоизгача скидкалар билан қабул қилишлар, нохақликлар... Ҳар томонлама: энидан ҳам, бўйидан ҳам уриб қолишлар... Қабул қилиш ишларини қониқарсиз ташкил қилиш, қабул қилиш пунктларидаги тартибсизликлар, кузатиш, ташиш-тушириш ишлари тўғри йўлга қўйилмагани, бу эса фермерлар учун ортиқча харажатларга сабаб бўлаётгани, яъни фермерлар ўз далалари ёнидаги қабул пунктларига эмас, 100 км нарига пахталарини ташишлари, бу харажатларни ёнларидан қилаётганлари норозиликларга сабаб бўляпти. Ёки хомашё, ўғит, ёқилғиларнинг қиммат нархда фермерларга сотилиши...

Ҳамманинг хабари бор – кластерларга давлат томонидан арзон кредитлар бериляпти ва кластерлар мана шу пулларга ўғитлар ва бошқа хомашёларни сотиб олиб, деҳқонларга сотяпти. Яъни давлат томонида тўғридан тўғри имтиёзли кредит фақат кластерга бериляпти. Кластерлар эса моддий ресурсларни олиб, фермерларга қимматга беряпти. Ҳамма кластерлар ҳам ноҳақлиқ қиляпти деб айтолмайман. Лекин мана шундай ҳолатларни биз кўп жойларда кузатиб турибмиз.

Аниқ рақамларга келадиган бўлсак, ўтган йилги – 2021 йил ҳолатида биржадаги ўғит нархи 2100 бўлган бўлса, кластерларга ёпиқ савдо орқали 1800 сўмдан олган. 1800 сўмга кластерларга берилган ўғитлар фермерларга 3650 сўмгача бўлган нархларда берилган. Яъни 1800 сўмлик нарсани фермерлар кластер орқали олаётгани учунгина 3600 сўмгача олган.