19:52 / 17.03.2021
9552

Тошкент вилоятида коронавирус аниқланган синфларда ўқиш онлайн режимга ўтказилмоқда

Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Чиноз ва Тошкент туманларидаги айрим мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар орасида коронавирус аниқлангани боис, ўқиш онлайн режимга ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 2021 йил 4 мартдаги 17-8/1453-сонли кўрсатма хатига асосан коронавирус касаллиги аниқланган ҳолларда мактабларда синфлар онлайн ўқиш тизимига ўтиши белгиланган.

Маълум қилинишича, 15 март куни Қибрай туман «Ўнқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 30-мактаб ўқувчиси ва Салар шаҳарчасидаги 5-мактаб ўқувчисида коронавирус аниқланган. Шу боис, 30-мактабдаги 9-«А» синфи ва 5-мактабнинг 6-«А» синфи тўлиқ онлайн тарзда ўқитишга ўтказилган.

Шунингдек, Зангиота туманидаги 29-мактабнинг 7-«А» синфидан 1 нафар, 7-«Б» синфидан 2 нафар ва 11-синфидан 1 нафар ўқувчида коронавирус аниқлангани сабабли 12 мартдан ушбу синфлар ҳам онлайн тартибда таълим олишга ўтказилган.

Чиноз туманидаги 17-умумтаълим мактаби 4-«А» синф раҳбари Сурайё Тошкенбоева 13 март куни COVID-19 инфекциясига гумон қилиниб, Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани сабабли, 15 мартдан 17-умумтаълим мактаби 4-«А» синф ўқувчилари 14 кун муддатга онлайн ўқиш тизимига ўтказилган.

Бундан ташқари, Тошкент туманидаги 17-мактаб ўқитувчиси ва унинг оила аъзоларидан тест намуналари олинганда оила аъзоларининг 3 нафарида коронавирус инфекцияси аниқланган. Шунингдек, 23-мактабнинг 6-синф ўқувчисида ҳам инфекция қайд этилган.

«Юқоридагиларни ҳисобга олиб, вилоят ҳудудидаги айрим мактабларда эпидемиологик вазият беқарорлигини кўриш мумкин. Шу боис, вилоят аҳолисидан яна бир бор ўз саломатлигига бефарқ бўлмасликни, оддий профилактик тадбирларга риоя қилишни, яъни ниқоб тақиш, ижтимоий масофага амал қилишни сўраб қоламиз», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида. 

Аввалроқ Тошкент вилоятида ҳам карантин чоралари кучайтирилиши ҳақида хабар берилганди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top