12:29 / 19.03.2021
5276

Вазир Учкўприк тумани халқ таълими бўлими мудирини ишдан олишга тавсия берган. Унинг ўрнига ўринбосар ишдан олинди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2021 йилнинг феврал ойида Фарғона вилоятида бўлиб, вилоятнинг туман ва шаҳарларидаги таълим сифати билан яқиндан танишган, ҳудудлардаги халқ таълими бўлими ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Ўрганишлар натижасида вазир ютуқларга эришган таълим ходимларини тақдирлаган ва ўз навбатида таълимни орқага тортаётган раҳбарларни ишдан бўшатиш масаласини ҳам кўтарган эди. 

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Учкўприк туманига қилган сафари якунида туман халқ таълими бўлими мудири Дилафруз Айюповани ишдан олиш бўйича топшириқ берган. Бироқ ушбу хабардан сўнг туман ХТБ мудири ўзига касаллик варақаси очтириб, даволаниш таътилига чиқиб кетган. 

Шундан сўнг Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан Учкўприк туманидаги таълим сифатини ўрганиш бўйича текширув тайинланади. Масъуллар тумандаги 20 дан ортиқ мактаб фаолиятини ўрганади. Ўрганишлар якунида эса туман ХТБнинг биринчи раҳбари Айюпова даволаниш таътилида бўлгани сабабли, унинг ўринбосари Сойибжон Султонов ишдан олингани айтилмоқда.  

Ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида, Kun.uz мухбири Фарғона вилояти ХТБ ахборот хизмати раҳбари Одилжон Жалолов билан боғланди. 

Ахборот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Фарғона вилоятига қилган сафари жараёнида Учкўприк туманидаги 12-умумтаълим мактабида бўлган. Вазир мактабда иситиш тизими ишламаслиги, мактабдаги интернет сифати пастлиги, бу бўйича эса амалий саъй-ҳаракатлар бажарилмаганини қаттиқ танқид қилган. Шундан сўнг Учкўприк тумани ХТБ мудири Дилафруз Айюповани ишдан олиш бўйича тавсия берган. 

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда мудир ўринбосари Сойибжон Султонов ноҳақ ишдан олингани айтилмоқда. Мен бир нарсани билдириб ўтмоқчиман, биз, яъни вилоят ХТБ раҳбарияти унинг фаолиятидан қониққанмиз. Унга ҳеч қандай эътирозларимиз йўқ. У ўз хоҳиши билан Учкўприк туманидаги 9-умумтаълим мактабига директорликка ўтиб кетди”, – дея таъкидлади Одилжон Жалолов. 

Шу кунларда Учкўприк тумани ХТБ мудири Д.Айюпова даволаниш таътили тугаб, иш фаолиятига қайтган. Мазкур ҳолат вилоят ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлигининг назоратида эканлиги таъкидланди. 

Бугун Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бироқ бу сингари ҳолатлар соҳа ходимларига салбий таъсир ўтказиб, ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. 

Вазият Фарғона вилоят ҳокимлиги назоратида эканлиги айтилаётган Учкўприкдаги ҳолатга балки, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам муносабат бериб ўтар. Расмийлардан изоҳ кутиб қоламиз.

Top