14:52 / 20.03.2021
5454

Ўзбекистон жорий йилнинг дастлабки икки ойида қиймати 1 миллиард доллардан зиёд машина ва асбоб-ускуналар импорт қилди.

2021 йилнинг январ-феврал ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги энг катта улушни Хитой(20,1 фоиз) эгаллаган. Мазкур давр мобайнида республика ташқи савдо айланмаси 23,8 фоизга камайган. Шундан экспорт ҳажмидаги пасайиш 43,2 фоизни ташкил этмоқда.

Жорий йилнинг январ-феврал ойларида республика ташқи савдо айланмаси 4,5 миллиард долларга тенг бўлганлиги маълум қилинганди. Ўтган йилнинг тегишли даврига қиёслаганда экспорт ҳам, импорт ҳам қисқаришда давом этмоқда.

Статқўм маълумотларига кўра, ТСА таркибида экспорт 1 миллиард 494,6 миллион доллар, импорт эса 3 миллиард 25,1 миллион долларни ташкил этиб, ташқи савдонинг салбий сальдоси 1,5 миллиард доллардан ошиб кетган. Умуман олганда январ-феврал ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 23,8 фоизга камайган. Шундан мос равишда экспорт ҳажмида 43,2 фоиз, импорт ҳажмида эса 8,3 фоиз пасайиш қайд этилган. Экспорт ҳажмининг бундай кескин камайишини жорий йилнинг дастлабки икки ойида умуман олтин экспорт қилинмаганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Маълумот учун, 2020 йилнинг январ-декабр ойлари якунлари бўйича республика ташқи савдо айланмасидаги экспорт ҳажмининг 38,3 фоизини олтин эгаллаган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатлар орасидан 5та давлат: Афғонистон (107,3 миллион доллар), Қирғизистон (64 миллион доллар), Тожикистон (45,7 миллион доллар), Канада, (41,9 миллион доллар), Туркия (26,1 миллион доллар), ва Эрон (6,9 миллион доллар) билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 14 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Жорий йилнинг дастлабки икки ойида республика ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитой (20,1 фоиз), Россия (18,7 фоиз), Қозоғистон (13 фоиз), Туркия (8,9 фоиз), Жанубий Корея (3,9 фоиз), Қирғизистон (2,6 фоиз) ва Афғонистон (2,4 фоиз) билан савдо алоқаларида қайд этилган.

Бундан ташқари, 2021 йилнинг январ-феврал ойларида МДҲ мамлакатлари билан савдо алоқалари сезиларли даражада ўсиб, умумий ТСАнинг 41,6 фоизини ташкил этган. Таққослаш учун 2020 йилда бу кўрсаткич 32 фоизни ташкил этганди.

2021 йилнинг январ-феврал ойларида Ўзбекистон экспортининг таркиби:

  • тўқимачилик маҳсулотлари – 397,9 миллион доллар;
  • хизматлар – 288,3 миллион доллар;
  • рангли металлар – 176 миллион доллар;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари – 162,5 миллион доллар;
  • кимёвий маҳсулотлар – 147 миллион доллар;
  • машина ва асбоб-ускуналар – 90,4 миллион доллар;
  • энергия ва нефт маҳсулотлари – 64,3 миллион доллар;
  • қора металлар – 30,3 миллион доллар;
  • пахта толаси – 28,3 миллион доллар;
  • бошқалар – 109,6 миллион доллар.

Мазкур даврда республика импортининг таркиби:

  • машина ва асбоб-ускуналар – 1 миллиард 63,5 миллион доллар;
  • кимёвий маҳсулотлар – 500,1 миллион доллар;
  • озиқ-овқат маҳсулотлари – 416,1 миллион доллар;
  • қора металлар – 259,1 миллион доллар;
  • энергия ва нефт маҳсулотлари – 214,4 миллион доллар;
  • хизматлар – 126,3 миллион доллар;
  • рангли металлар – 31,6 миллион доллар;
  • бошқалар – 414 миллион доллар.

Январ-феврал  ойлари мобайнида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган давлатлар сифатида Хитой(285,5 миллион доллар), Россия (225,5 миллион доллар) ва Туркия (215 миллион доллар) қайд қилинган. Шу билан бир қаторда республика импортида Хитой (623 миллион доллар), Россия( 618,4 миллион доллар) ва Қозоғистон (433,7 миллион доллар) катта улушни эгаллаган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг январ-декабр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 36,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиб, экспорт ҳажми 15,2 миллиард доллар, импорт ҳажми 21,1 миллиард доллар экани қайд қилинган.

Top