13:43 / 20.03.2021
3961

Тошкент ва Бўстонлиқ туманларида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинди

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Тошкент туманидаги тадбир давомида, фуқаро П.Р. ноқонуний даромад орттириш мақсадида харидорга 3 850 қути “Меропенем Авантика” номли дори воситасини дорихона ва унинг филиалларидан ташқарида 343,1 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Худди шундай, Бўстонлиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар А.Х. ва Х.Ғ. ўзаро олдиндан тил бириктириб, 100 000 дона “NPP Askorbin kislota” номли дори воситаларини харидорга 8 000 АҚШ доллари ва 40 млн сўмга дорихона ва уларнинг филиалларидан ташқарида сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида жуда кўп миқдордаги дори воситаларининг муомалага киритилиши олди олинганди.

Top