20:09 / 20.03.2021
7252

Зараркунандаларга чидамли. Кўпроқ фойда. Ёнғоқ етиштиришнинг 10 жиҳати маълум қилинди

FAO халқаро маслаҳатчиси Катерина Побережная Марказий Осиё минтақасида ёнғоқ етиштириш соҳасига инвестиция киритиш катта фойда келтириши мумкинлигини айтди. Чунки, минтақа талаб катта бўлган потенциал савдо бозорларига яқин ва иқлим шароити қулай.

Фото: Wikimedia

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида Тожикистонда мева-сабзавотчилик секторининг инвестицион жозибадорлигига бағишлаб ўтказилган конференцияда FAO халқаро маслаҳатчиси Катерина Побережная ёнғоқ, бодом ёки писта етиштириш каби агросаноат турларига барча Марказий Осиё мамлакатлари жиддий эътибор қаратиши кераклигини айтиб ўтди.

Мутахассис ёнғоқ етиштиришга сармоя киритишнинг 10та муҳим жиҳатларини санаб ўтди:

1. Марказий Осиё тарихий жиҳатдан ёнғоқ ватани ҳисобланади ва бу ердаги иқлим ёнғоқ етиштириш учун жудаям қулай.

2. Ёнғоқ қобиқ билан ҳимояланганлиги сабабли, турли зараркунандалар ва касалликлардан кўпроқ ҳимояланган.

3. Кўпгина бошқа меваларга нисбатан гектаридан юқори даромад олиш имконияти мавжуд.

4. АҚШ ва Испания каби йирик етиштирувчилар билан таққослаганда, ишчи кучи ва ер ресурсларининг арзонлиги сабабли минтақада ишлаб чиқариш харажатлари нисбатан паст.

5. Иқлим шароити мева пишиб бўлгандан кейин сотувгача тайёргарликнинг айрим босқичлари учун қулай. Масалан, минтақада қуритиш табиий равишда содир бўлиши мумкин.

6. Ёнғоқни узоқ муддатга яхши ҳолатда сақлаш бошқа мева ва сабзавотларга нисбатан кўп харажат талаб қилмайди. Шунингдек, маҳсулотнинг бузилиб кетиши ва жуда арзон нархларда сотилиш хавфи паст.

7. Талаб катта бўлган потенциал савдо бозорлари, яъни Ҳиндистон, Хитой ва бошқа Осиё мамлакатларининг яқинлиги.

8. Mинтақа мамлакатларида сифатни яхшилаш, брендлаш, сертификатлаш, қадоқлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш орқали қўшимча қийматли маҳсулот яратиш имкониятига эга. Ушбу технологияларнинг барчаси аллақачон мавжуд ва бошқа мамлакатларда муваффақиятли қўлланилмоқда, уларни ўрганиш ҳамда маҳаллий шароитга мослаштириш керак, холос.

9. Ёнғоқ, бодом ва писта дарахтлари 25 йилдан 50 йилгача мева беришини ҳисобга олиб, келажак авлодларга инвестиция сифатида қолдириш мумкин.

10. Оилавий бизнес қилиш имкониятлари. Масалан Испанияда бодомнинг 70 фоизи ўртача 10 гектар боғларга эга бўлган кичик фермерлар томонидан етиштирилади.

Мавзуга оид
Top