18:55 / 23.03.2021
7185

«Автомобилга бўлган талаб 3 фоизга ошди» - Автомашина олди-сотдисининг февралдаги кўрсаткичлари маълум қилинди

2021 йилнинг феврал ойида Ўзбекистон аҳолисининг автомобилларга бўлган талаби январдагига нисбатан 3 фоизга ошди. Автомашина олди-сотдиси бўйича кўрсаткич эса 2020 йилнинг мос даврига қараганда 10,4 фоизга пасайган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, феврал ойида аҳолининг автомобилларга бўлган талаби январдагига нисбатан 3 фоизга ошгани кузатилган. Бу ҳақда марказ бош илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов Kun.uz’га маълум қилди.

Автомашина олди-сотдиси бўйича жорий йил февралидаги кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 10,4 фоизга камни ташкил этган.

Мазкур пасайиш «Асака» автомобил заводида 2021 йил январ-феврал ойларида барча зарурий модернизация ишларини амалга ошириш учун ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилгани билан изоҳланади.

Қайд этилишича, ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Андижон (37 фоиз), Бухоро (18,4 фоиз) ва Қашқадарё (18 фоиз) вилоятларида кузатилган. 

«Одатда, республика бўйича бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобил савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3 фоизни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тадбирларини жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 фоизга (ўтган феврал ойига нисбатан 34,6 фоизга), апрел ойида эса 73,8 фоизга (63,1 фоизга) камайган эди», дея маълум қилган марказ вакили.

Таҳлилда 2020 йилнинг май ойидан бошлаб автомобил бозоридаги вазият яна тиклана бошлагани, июн ойидаги савдо 2019 йил мос даврига қараганда 14,8 фоизга кўпайгани келтирилган. Августда эса ушбу кўрсаткич 3,8 фоизни (ўтган ойга нисбатан 54,3 фоизни) ташкил этган. 

Автомобил бозорида талаб сентябр-октябр ойларида ҳам ўсишда давом этган бўлиб, савдо ҳажми 2019 йил мос даври билан таққослаганда сентябр ойида 29,5 фоизга, октябрда 19,2 фоизга, ноябрда 9 фоизга ва декабрда 10 фоизга ўсган.

  • Аввалроқ, 2021 йилнинг январ ойида UzAuto Motors'нинг автомобил ишлаб чиқариши 4 баробарга қисқаргани хабар қилинганди. Хусусан, компания томонидан жорий йилнинг январида 5 минг 235 та автомобил ишлаб чиқарилган бўлиб, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 4,2 баробарга камдир.
  • Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 январ ҳолатига республикамизда жисмоний шахсларга тегишли жами енгил автомобиллар сони 2 миллион 767 минг 126 тани ташкил этмоқда.
Top