19:06 / 23.03.2021
2660

Фарғона вилоятининг чекка ҳудудида ҳашар йўли билан 330 ўринли янги мактаб биноси қурилди

Боғдод туманининг чекка ҳудуди Меҳнатобод қишлоғида 330 ўринга мўлжалланган янги мактаб биноси ҳашар йўли билан қуриб битказилган. Смета баҳоси 4,5 млрд сўмга баҳоланган мактаб қурилишига маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар ҳам кўмак берган.

Боғдод туманининг чекка ҳудудларидан бири – Меҳнатобод қишлоғида янги 330 ўринли мактаб биноси фойдаланишга топширилди, дея хабар бермоқда Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати. 

Таъкидланишича, мактаб инвестицион дастурларсиз, қишлоқ аҳолисининг ҳамжиҳатлиги, ташаббускорлиги ҳамда сектор раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши асосида, ҳашар йўли билан бунёд этилган.

Мактаб янги биносининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этган.

Смета баҳоси 4,5 млрд сўмга баҳоланган мактаб қурилиши маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар кўмаги билан бошланган. Қурилиш ишлари учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан эса 750 млн сўм ажратилган.

Маълум қилинишича, авваллари қишлоқ ёшлари шу ҳудуддаги эски дала шийпони ўрнида – мослаштирилган бинода бошланғич таълимни олишгач, юқори синфларда ўқиш учун ҳар куни 4-5 км пиёда йўл босиб, қўшни қишлоқдаги мактабга қатнаган. 

Шунингдек, янги мактаб учун вилоят ҳокимлиги томонидан компьютер синфи, мусиқа ва спорт анжомлари совға қилинган. Вилоят бюджети ҳисобидан мактаб учун спорт зали ҳам қуриб бериладиган бўлган.

Хабарда, шунингдек, ушбу қишлоқда янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиб фойдаланишга топширилгани ҳам маълум қилинган. 

Top