00:04 / 26.03.2021
4961

Болтиқ давлатлари Беларуснинг яна 118 нафар расмий шахсига қарши санкциялар киритди

Болтиқ давлатлари - Литва, Латвия ва Эстония Беларус ҳукумати вакиллари ва уларнинг тарафдорларига қарши санкциялар киритди. Эндиликда уларга Болтиқ давлатлари ҳудудига кириш тақиқланади.

Фото: TUT.by

Санкциялар остига 118 нафар расмий шахс тушган. Болтиқ давлатлари санкцияларни Беларус халқи билан бирдамлик белгиси сифатида киритган.

“Беларусдаги тузум томонидан давом этаётган қатағонларга жавобан ва беларус халқининг демократик интилишларини қўллаб-қувватлаган ҳолда Литва, Латвия ва Эстония Болтиқ давлатлари ҳудудларига кириши тақиқланган хорижликлар рўйхатини кенгайтиради”, деб айтилган Литва ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Санкциялар остига жумладан Беларус ички ишлар тизими ходимлари ҳам тушган. Таъкидланишича, улар мамлакатда 2020  йил августда ўтган президент сайловлари натижаларини сохталаштиришга ҳамда мамлакатдаги қатағонларга алоқадор.

Аввалроқ Болтиқ давлатлари Беларуснинг 156 нафар мансабдор шахси, жумладан президент Александр Лукашенкога қарши санкциялар киритганди. Энди ушбу давлатлар санкциялар рўйхатида 270дан кўпроқ беларуслик амалдор исми бор. 

Аввалроқ Европа иттифоқи ҳам Беларусга қарши санкциялар киритганди. Санкциялар остига 88 жисмоний шахс ва 7та компания тушган. 

Беларусда 2020 йил августдан бери президент сайловлари натижаларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Сайловларда амалдаги президент Александр Лукашенко катта устунлик билан ғалаба қозонганди.

Лукашенко тузумининг қонунийлигини Европа иттифоқи, АҚШ, Украина ва бошқа кўплаб давлатлар тан олмай келмоқда.

Top