14:52 / 26.03.2021
13942

Сувайш каналининг тўсилиб қолиши жаҳон савдосига соатига 400 млн долларга тушмоқда

Африкани Осиёдан ажратиб турувчи Сувайш канали орқали жаҳон савдосининг 12 фоизга яқини ўтади. 

Lloyd’s List компаниясининг ҳисоблаб чиқишича, Ever Given контейнер ташувчи кемасининг Сувайш канали орқали ҳаракатланишни тўхтатиб қўйиши жаҳон савдосига соатига 400 млн долларга тушмоқда, деб ёзади Forbes.

Ушбу сумма ҳар куни канал орқали кемаларда олиб ўтиладиган товарлар нархига асосланган. Қайд этилишича, ғарбий йўналишда кунига 5,1 млрд долларлик, шарқий йўналишда эса 4,5 млрд долларлик товар олиб ўтилади. 

Миллий чакана савдо федерацияси етказиб беришлар занжири ва божхона сиёсати бўйича вице-президенти Жон Голднинг сўзларига кўра, каналнинг тўсилиши етказиб беришлар занжиридаги кескинликни кучайтирган.

«Кўплаб компаниялар пандемия сабабли юзага келган етказиб беришдаги муаммоларга қарши курашишда давом этмоқда. Ҳозирги ҳолат эса қўшимча муаммолар келтириб чиқаради», — деди у. 

Африкани Осиёдан ажратиб турувчи Сувайш канали орқали жаҳон савдосининг 12 фоизга яқини ўтади. Суюлтирилган табиий газ, хом ва тозаланган нефт каби энергия манбалари экспорти жаҳон бўйича етказиб бериш ҳажмининг 5 фоиздан 10 фоизгачасини ташкил қилади. Канал трафигининг қолган қисми асосан истеъмол товарларидан иборат.  

Контейнер ташувчи улкан кема 23 март куни каналда кўндаланг туриб қолиб, кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйганди. Дастлаб кемани йўлдан олиш бўйича ишлар 2-3 кун давом этиши тахмин қилинганди.  

Охирги маълумотларга кўра, ҳозирда кема атрофидаги канал тубини чуқурлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир вақтда, улкан буксирлар уни каналнинг чуқурроқ қисмига тортишга ҳаракат қилмоқда.  

Таҳлилчиларнинг фикрича, канал яна бир неча кун, ҳаттоки ҳафталар давомида тўсилган ҳолда қолиши мумкин ва бу жаҳон савдосига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Уларнинг таъкидлашича, агар канал орқали қатнов яна 1-2 кун ичида очилмаса, у ерда тўпланиб қолган кемалар белгиланган манзилларига Африка атрофи бўйлаб йўналтирилиши мумкин. Бу эса йўлга кетадиган вақтнинг бир ҳафтага чўзилишига олиб келади.

Мавзу
Сувайшда тирбандлик
Улкан кема Сувайш каналига тиқилиб қолди, бунинг ортидан дунёда нефть нархи кескин ўсди.
Барчаси
Top