09:11 / 27.03.2021
1506

Шаҳрисабзлик аёлни «машина олиб бераман» деб, 36,8 миллион сўмга чув туширган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги «Кунчиқар» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аёлга «машина олиб бераман» деб, унинг 36 миллион 800 минг сўм пулини ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги «Фирдавсий» МФЙда яшовчи С.А. 2019 йилнинг март ойида «IMO» ижтимоий тармоғи орқали Шаҳрисабз шаҳридаги «Кунчиқар» МФЙда яшовчи уй бекаси С.Д. билан танишган. Ўзаро суҳбатлар давомида С.А. аёлга ўзини автомашина олиб сотиш билан шуғулланадиган шахс сифатида таништирган ва унга ҳам «Нексия-3» автомашинасини олиб беришни ваъда қилган.

Шундан сўнг 2019 йилнинг март ойидан 2020 йил февраль ойигача, қарийб бир йил давомида С.Д.нинг 36 миллион 800 минг сўм пулларини олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top