23:18 / 30.03.2021
6302

Тошкентдаги ДХМларда NFC қурилмаларидан фойдаланиш бошланди

Тошкент шаҳридаги Давлат хизматлари марказларининг барчаси NFC (Near field communication) ихчам қурилмалари билан таъминланиб, улардан синов тариқасида фойдаланиш йўлга қўйилди.

Мазкур восита қурилмалар ўртасидаги алоқани таъминлаб, контактсиз операцияларни бажариш учун мўлжалланган.

Шу пайтгача, бу воситадан асосан Humo банк пластик карталари орқали тўлов тизими сифатида фойланилган. NFC дастуридан эндиликда фуқаронинг шахсий маълумотларини тизимга бир неча дақиқаларда автоматик равишда киритишда фойдаланилмоқда.

Бунда фуқаролар томонидан ДХМ ходимларига шахсини тасдиқлаш билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот ва ҳужжатлар берилиши ҳамда тўлдирилиши талаб этилмайди. Биргина ID картанинг тақдим этилиши ва ID карта NFС қурилмасига теккизилишининг ўзи етарли – маълумотлар тизимга жойлашади.

Келгусида мамлакатнинг барча туман ва шаҳар ДХМлари мазкур қурилма билан таъминланиши кутилмоқда.

Top