16:00 / 02.04.2021
6931

Ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлаш техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий элементларидан бири

Иқтисодиётнинг турли тармоқ ва давлат бошқарувида қўлланадиган ўлчаш натижаларининг аниқлиги, холис ва ишончлилигини таъминламасдан туриб, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.

Сўнгги икки-уч йил ичида миллий метрология соҳасида ўлчашлар ягоналигини таъминлаш, уларнинг халқаро даражада эътироф этилишига эришиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Давлат раҳбарининг тегишли қарори билан соҳада аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни изчил амалга ошириш ҳамда корпоратив бошқарувнинг замонавий институционал усулларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон миллий метрология институти ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда, метрология йўналиши бўйича қонуний-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.

Бу ўз навбатида, метрологик инфратузилмани тубдан янгилаш, халқаро муносабатларни амалга ошириш, хорижий давлатларнинг миллий метрология институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, лабораторияларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, хусусий секторнинг метрологик хизматлардаги улушини ошириш ва энг муҳими, ходимларнинг малакасини, ҳам илмий, ҳам касбий кўникмаларини оширишга замин яратди.

Институт томонидан халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Халқаро тарози ва ўлчовлар бюросига (BIPM) аъзо бўлиниб, Миллий ўлчаш эталонлари ҳамда миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг ўзаро эътироф этилиши тўғрисида келишув (CIPM MRA) имзоланди.

Сўнгги уч йил ичида соҳага 10 дан ортиқ халқаро экспертлар жалб этилди. 50 нафардан зиёд мутахассислар Германия, Туркия, Россия, Хитой, Молдова, Беларуссия ва бошқа давлатларда малака ошириб қайтдилар.

Масса, ҳарорат ва босим лабораторияларининг ўлчаш имкониятлари халқаро даражада тан олинди. Калибрлаш ва ўлчаш сертификатларининг

102 та давлат томонидан ўзаро эътироф этилишини таъминлаш мақсадида Евросиё давлат метрология ташкилотлари ҳамкорлиги (КООМЕТ) доирасида 12 та солиштириш лойиҳалари бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатилди.

Давлат раҳбарининг метрология тизимига бўлган эътибори натижасида давлат бюджетидан 21 дона эталон харид қилиш учун 5,8 млн. доллар ажратилиб, миллий эталонлар базасини 33 донага етказиш режалаштирилди.

Айни дамда республикада юқори аниқликдаги ўлчашларнинг кузатилувчанлигини таъминлаш мақсадида, миллий эталонлар сони 9 тадан 19 тага етказилиши орқали 10 та калибрлаш лабораториялари ташкил этилди ва 72 та гуруҳдаги ўлчаш воситаларини калибрлаш хизмати жорий этилди. 2017-2020 йилларда жами 5 млрд. сўмлик 133 дона ускуна харид қилинди ҳамда қиёслаш ва калибрлаш бўйича 45 та янги ўлчаш услуби ўзлаштирилди.

Барчамизга маълумки, илм-фан, техника тараққий этган ҳозирги даврда аниқ ўлчашларсиз сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин эмас. Бу борада озиқ-овқат ва саноат хавфсизлиги соҳаларида стандарт намуналарни яратиш бўйича 3 та илмий лойиҳа амалга оширилди.

Жадаллик билан ривожланиб бораётган иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжини тизимли таҳлил қилиб бориш ва саноат билан ҳамнафас бўлиш мақсадида, яъни инвестициялар ва техник кўмак лойиҳаларини кенг жалб этиш борасида ҳам бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди.

2019-2021 йилларда Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ) билан - 617,3 минг долларлик, Германиянинг JENOPTIK Robot GmbH (ATLAS) компанияси билан - 93 минг евролик инвестицион лойиҳалар ҳамда Германиянинг Физика-Техника Федерал Институти (РТВ) билан ҳамкорликда 1,6 млн. долларлик беғараз техник кўмак лойиҳалари амалга оширилди.

Яна бир муҳим жиҳат – COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган мураккаб шароитни инобатга олиб тиббиёт ва энергетика соҳаларида сайёр метрологик хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида 2 та махсус замонавий мобиль лабораториялар ишга туширилди.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” доирасида “Е- Метрология” ахборот тизими ишга туширилди. Бу ўз навбатида кўрсатилаётган метрологик хизматларни рақамлаштириш, уларнинг шаффоф ва тезкорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда ишлаб чиқариш соҳасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга қаратилган ва уларни ўтказишга сарфланадиган харажатлар маҳсулотни тайёрлашга ишлатиладиган умумий сарф-харажатларнинг 20 фоизини ташкил қилмоқда.

Унутмаслик лозимки, нотўғри ўлчаш салбий оқибатларга сабаб бўлади. Мисол учун, ишлаб чиқаришда - сифатсиз маҳсулот, тиббиётда - нотўғри ташхис, қурилишда – аниқ асосга эга бўлмаган бино, иншоотлар, экологияда атроф-муҳитнинг заҳарланиши ва ҳоказо салбий оқибатларга олиб келади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон миллий метрология институти олдида турган муҳим вазифалардан бири, бу CIPM MRA келишуви доирасида тўлақонли иштирок этиш ҳамда лабораториялар имкониятини халқаро миқёсда кенгайтириш орқали Ўзбекистонда амалга оширилган ўлчашларнинг хорижда эътироф этилишига эришишдир. Бунда қўшни давлатларда ўлчашларга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилган ҳолда метрологик хизматлар экспортини йўлга қўйиш, шунингдек, калибрлаш лабораторияларининг халқаро аккредитация соҳасини қўшимча 4 та (узунлик, физик-кимё, электр ва куч) ўлчаш турларига кенгайтириш лозим бўлади.

Илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш ва соҳада ходимлар илмий салоҳиятини ошириш мақсадида, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда умумий қиймати 5 млрд сўм бўлган 6 та илмий-техник лойиҳани олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари билан биргаликда амалга ошириш;

 Соҳадаги ислоҳотларнинг жойларда кенг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, вилоятлардаги метрологик инфратузилмани ривожлантириш орқали 16 та ҳудудий филиал негизида масса, босим, ҳарорат ва электр ўлчаш турлари бўйича янги калибрлаш лабораторияларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, метрология тизимини замон талаблари асосида ривожлантириш, нафақат миллий иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ошириш, балки экспорт ҳажмларини кўпайтириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом инвестициявий муҳит яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон миллий метрология институти Матбуот хизмати

Top