19:15 / 02.04.2021
5824

“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekneftegaz GTL” АССА халқаро уюшмасининг гувоҳномасига эга бўлди

Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири бўлган, умумий қиймати 3,6 млрд долларлик “Uzbekneftegaz GTL” заводидаги қурилмалар босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Бу ишларни амалга ошириш учун ҳозирги кунда қурилиш майдонига 500 дан зиёд техника, 9,5 минг нафардан ортиқ ишчи жалб этилган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ушбу инвестицион лойиҳани ўз вақтида фойдаланишга топшириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ташкил қилинган “Ишчи” гуруҳ мунтазам тарзда "GTL" заводида бўлиб, қурилиш-монтаж ишларини сифатли ва қисқа вақтда тугатиш бўйича иш олиб бормоқда.

Бугунги кунда лойиҳа ўзининг якуний босқичига етиб келди. Умумий ишлар кўламининг 95 фоизи бажарилди.

Айни пайтда заводнинг ташқи электр таъминоти объектлари ишга туширилди ва завод тизимдан электр энергияни қабул қилишни бошлади. Заводнинг марказий бошқарув пульти, назорат ўлчов ва автоматика тизимининг 2-сонли бошқарув биноси, назорат ўлчов ва автоматика ускуналари учун сиқилган ҳаво ишлаб чиқариш қурилмалари ишга тушди.

Жорий йилнинг февраль ойи бошида эса “Uzbekneftegaz GTL” заводида биринчи маротаба ёнғинни ўчириш сув тизими 82-сонли қурилмаси ишга туширилди.

2021 йилнинг 3 март куни яна бир ажойиб натижага эришилди. “Uzbekneftegaz GTL” заводига “Ўзтрансгаз” АЖ магистрал газ қувуридан илк бор ёқилғи гази қабул қилинди. Ёқилғи газини қабул қилиш бошланиши билан заводнинг ёқилғи газ тизими (78-сонли қурилмаси) ишга туширилди ва технологик ускуналар ҳамда қурилмаларни созлаш ва ишга тушириш ишларининг навбатдаги босқичи бошланади.

Шунингдек, “Uzbekneftegaz GTL” заводида биринчи қозонхона қурилмаси ишга туширилиб, буғ ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Хушхабарлардан яна бири яқинда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тасарруфидаги ташкилотлар орасида “Uzbekneftegaz GTL” биринчилардан бўлиб “Дипломга эга сертификатланган Бухгалтерлар уюшмаси” (АССА)нинг Аккредитацияланган иш берувчи (ACCA Approved Employer) мақомини қўлга киритди.

Ушбу мақом Компаниянинг молия ва бухгалтерия соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашда юқори сифатга эга эканлигини англатади. Бухгалтерлар уюшмасининг аккредитациясини қўлга киритиш ва унинг аъзосига айланиш компания ходимларига жаҳоннинг илғор амалиётларига асосланган ўқув дастури доирасида қўшимча имкониятлардан фойдаланиш шароитини яратади.

Уюшма аъзолари молиявий ҳамжамият мутахассислари билан тажриба алмашиш, АCCА тадбирлари ва вебинарларида иштирок этиш, шунингдек, мунтазам равишда машғулотларда малакасини ошириши мумкин.

АCCА дунё бўйлаб 630 000 дан зиёд аъзо ва талабаларни, шунингдек, 7400 аккредитацияланган иш берувчиларни ўз ичига олган профессионал бухгалтерларнинг нотижорат халқаро ташкилоти ҳисобланади. Уюшма 1904 йилда Бирлашган Қиролликда ташкил этилган ва ҳозирги кунда 181 мамлакатда фаолият кўрсатади.

Бундан ташқари, баъзи молиявий халқаро ташкилот ва банклар томонидан АССА сертификати мавжуд бўлган компаниялардан нотариал тасдиқлаш ва апостиль каби қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмайди.

Уюшма томонидан ишлаб чиқилган дастурлар бухгалтерлар ва молиячилар учун ягона халқаро малакаси сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тасдиқланган. АCCА гувоҳномаси касбий ҳамжамиятда энг нуфузли мақомлардан ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Лойиҳалаш қувватига эришгач, йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ (метан) қайта ишланадиган, 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёқилғиси, 437 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариладиган заводнинг сўнгги босқич қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top