18:07 / 06.04.2021
2909

Корея парламенти делегацияси Сенат раиси ва Қонунчилик палатаси спикери билан учрашди

Бугун, 6 апрель куни Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери Пак Бён Сок билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда икки томоннинг парламентлараро муносабати жадаллашгани таъкидланди. Ўзаро ҳамкорлик даврида томонлар парламент фаолияти тажрибасини ўрганиб, амалиётга татбиқ этишмоқда.

Учрашув давомида Сенат раиси Танзила Норбоева Корея Республикаси Ўзбекистон билан нафақат парламентар алоқаларни йўлга қўйгани, балки иқтисодий ҳамкорликни ҳам муваффақиятли олиб бораётганини таъкидлади. Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида қатор ўзбек-корейс компаниялари фаолияти бунга мисол бўла олади. Шунингдек, Норбоева Корея Республикасининг Орол денгизи ҳудудида яшовчи аҳолига 1 миллион доллар миқдорида моддий кўмак берганини алоҳида таъкидлаб, ўз миннатдорчилигини билдирди.

Тадбирда Корея Республикаси томони Ўзбекистон Республикаси парламенти таркибида аёлларнинг улуши 32 фоиз экани ва бу жуда қувонарли ҳолатлигини айтиб ўтди. Чунки ҳатто Кореяда бу кўрсаткич 18 фоизни ташкил этиши гапирилди. Ундан ташқари, парламент юқори палатаси раҳбари Т. Норбоева Ўзбекистон-Корея парламентлари ўртасидаги алоқалар икки томонлама ҳамкорликнинг янги кун тартиби доирасида ривожланиб бораётганини таъкидлади. Маълумот учун, 2005 йилдан бери Ўзбекистон Олий Мажлисининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи муваффақиятли фаолият олиб боряпти. Сенат раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев унинг раҳбаридир.

 Сенатдаги учрашувдан сўнг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси делегацияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносига ташриф буюрди. У ерда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов раҳбарлигида учрашув бўлиб ўтди. Қонунчилик палатасидаги музокаралар чоғида ҳам томонлар икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш кераклигини таъкидлашди.

 Учрашув чоғида Корея парламенти делегацияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар фаолияти билан ҳам танишди. 

Top