09:38 / 06.04.2021
6840

Сардор Умрзоқов: «Эмлаш дастурларига қарамай, пандемия бу йил тугайди деб аниқ айтиб бўлмайди»

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқовнинг фикрича, вакцинацияга қарамай, COVID-19 пандемияси 2021 йилда тугамайди.

«Катта ҳажмдаги эмлаш дастурларига қарамай, пандемия бу йил тугайди деб аниқ айтиб бўлмайди. Оқибатда сармоявий режалар ортга сурилмоқда ва қўшимча қўллаб-қувватлаш тўпламлари бюджетига катта юк бўлиб тушмоқда», - деди у Тошкентдаги «Иннопром» саноат кўргазмасида. 

Умрзоқов пандемия барча мамлакатлар учун жиддий чақириққа айланиб, глобал иқтисодиётга, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига зарба берганини ва ривожланишга босим ўтказишда давом этаётганини таъкидлади.

«Асосий энергия ташувчилар ва хомашёнинг жаҳон нархлари пасайиши ҳамда ўзгарувчанлиги, авиация бозори ва туризм саноатида инқирозни келтириб чиқарган чеклов чораларининг жорий этилиши ва бошқа бир қатор омиллар дунёда ялпи маҳсулот кескин пасайиши, жаҳон савдоси ҳажми ва тўғридан тўғри инвестицияларнинг глобал оқими қисқаришига олиб келди», дея қўшимча қилди вазир. 

Бундан ташқари, пандемия бошланганидан кейин давлат ресурсларининг мисли кўрилмаган даражада сафарбар қилиниши, шу жумладан бюджет ва монетар рағбатлантириш чоралари «жаҳон иқтисодиётини деярли кома ҳолатига туширди», деди Умрзоқов. 

Унинг сўзларига кўра, ушбу шароитда иқтисодиётни рақамлаштириш, юқори технологияларни жадал жорий этиш, саноат алоқаларини мустаҳкамлаш ва халқаро кооперацияни ривожлантириш мамлакатлар учун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. 

«Пандемия тўртинчи саноат инқилобини, ақлли технологияларни, интернет буюмлар ва сунъий интеллектни ривожлантиришни тезлаштириши мумкин бўлган алоқасиз (контактсиз) иқтисодиётга эҳтиёж туғдирди. Онлайн иш, кўнгилочар соҳа, савдо, давлат бошқаруви ва таълимга ўтиш замонавий ривожланишнинг табиий тенденциясига айланмоқда. Постковид даврдаги чақириқларга иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш учун технологик ўзгаришларни рағбатлантириш ўзига хос жавоб бўлиши керак», дея қўшимча қилди Умрзоқов. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top