14:02 / 07.04.2021
7440

«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистондаги мактаблардан бирига «Спарк» берилди 

7 апрел куни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи юқори кўрсаткичларни кўрсатган Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 39-сон умумтаълим мактабига президент совғаси - “Спарк” автомобили топширилди. Бу ҳақда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. 

Жорий йил март ойининг якуни ҳолати бўйича республика миқёсида www.uzbekcoders.uz портали орқали рўйхатдан ўтиб, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олаётганлар сони жами 200 минг нафардан ортиқни ташкил этди. Шу жумладан, улардан 81 минг нафардан ортиғи иштирокчи ва 50 минг нафардан ортиғи битирувчи сертификатини қўлга киритди. 

Ҳудудлар кесимида www.uzbekcoders.uz порталида рўйхатдан ўтганлар сони бўйича Навоий вилояти (36 600 нафар), Қорақалпоғистон Республикаси (27 574 нафар) ва Тошкент шаҳар (25 572 нафар) етакчилик қилиб келмоқда. 

Фаолият тури бўйича таҳлил натижаларига кўра, лойиҳа иштирокчилари орасида умумтаълим мактаби ўқувчилари жами 67,2 фоиз билан етакчи ҳисобланади. Ёш тоифаси бўйича эса таълим олувчиларнинг асосий қисми, яъни 90 фоиздан ортиғи 13-34 ёшлар орасидаги ўқувчилар ҳиссасига тўғри келади. 

Лойиҳа “Рақамли Ўзбекистон 2030” стратегиясига ҳам киритилган. 2021 йилдан бошлаб халқаро IT сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди. 

Эслатиб ўтамиз, дастурчиларни бундай масофавий ўқитиш лойиҳаси илк марта БААда “One Million Arab Coders” номи билан бошланган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил март ойида БAAга расмий ташрифи доирасида ахборот технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик келишувига эришилган эди.

 

Top