18:46 / 08.04.2021
10370

Бир йилда қарийб 6 млрд доллар пулини хайрия ишларига сарфлаган Маккензи Скоттнинг бойлиги аввалгидан ҳам кўпайди

2019 йили Маккензи Скотт «Эҳсон қасами» ташаббусига қўшилган ва бойлигининг ярмидан кўпини хайрия учун сарфлашга ваъда берганди. Аммо бу ваъдани бажариш осон бўлмаяпти: Скотт хайрия учун қанчалик кўп пул сарфлагани сари унинг бойлиги шунчалик кўпаймоқда.

Фото: Getty Images

Маккензи Скотт «Forbes» журналининг энг бой одамлар рейтингига биринчи марта ўтган йили кирганди. 2019 йил ўрталарида Жефф Безос билан ажрашганидан сўнг унга ўтган Amazon акцияларидан иборат активлар миқдори 36 млрд доллар деб баҳоланганди. Ўшанда у умумий рейтингда 22-ўринни, дунёнинг энг бой аёллари рейтингида 4-ўринни эгаллаганди.

2021 йилги рейтингда 50 ёшли Скотт ҳамон 22-ўринда турибди, аммо эндиликда унинг бойлиги 53 млрд доллар деб баҳоланмоқда. Amazon акциялари нархи ўсиши ортидан Скоттнинг бойлиги бир йил ичида қарийб 50 фоизга кўпайди.

Скотт хайрия ишлари билан фаол шуғулланади ва хайрия учун пул ажратиш борасида рекорд қўймоқда. У 2020 йил давомида турли нотижорат ташкилотларга 5,8 млрд доллар маблағини хайрия сифатида ўтказди.

У Жефф Безос билан ажрашганидан сўнг 2019 йил майида «Эҳсон қасами» ташаббусига қўшилди ва бойлигининг ярмидан кўпини хайрия учун сарфлашга ваъда берди.

Скотт АҚШ ва Пуэрто-Рикодаги 500та ташкилотга маблағ ўтказган. Улар орасида ўқув муассасаларидан тортиб Feeding America озиқ-овқат хайрия фондигача бор.

«Пандемия шундоқ ҳам зўрға кун кечираётган америкаликларнинг ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборди», — деб ёзди Скотт 2020 йил декабрда Medium платформасида ва тўрт ой давомида 384та нотижорат ташкилотига қарийб 4,2 млрд доллар ўтказгани ҳақида сўзлаб берди.

«Аёллар, этник озчилик вакиллари ва қашшоқликда яшаётган одамлар иқтисодий рецессиядан ҳам, пандемиядан ҳам жабр кўрди. Шу билан бирга, пандемия даврида миллиардерлар фақат янада бойиди», — деб қўшимча қилди у.

У шунингдек, 2020 йил июлда йирик миқдорда хайрия қилганидан сўнг маслаҳатчиларидан пандемия даврида қийинчиликка дуч келган одамларга ёрдам бериш учун маблағ ажратиш жараёнини тезлаштиришни сўраганини айтди. Скоттнинг сўзларига кўра, у «озиқ-овқат етишмайдиган, ирқий тенгсизлик ва қашшоқлик даражаси юқори бўлган ҳамда саховатпешалар маблағлари етиб бормайдиган ҳудудлардаги нотижорат ташкилотларига алоҳида эътибор қаратади».

Top