16:30 / 10.04.2021
19806

Чорва учун яйловлар етишмаслиги жиддий муаммога айланяпти. Сариосиёдаги тоғ қишлоғидан лавҳа

Kun.uz ижодий жамоаси вакиллари Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган ва кўпчиликка машҳур Сангардак шаршараси ҳақида репортаж тайёрлаш учун воҳага сафар қилди.

Баланд тоғлар оралаб шаршара жойлашган Сангардак қишлоғига кетар эканмиз, эшак минган 3 нафар ёши улуғ инсонни учратдик.

Қизиққонлигимиз тутибми ёки ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашиш истагими – машинадан тушиб, улар билан ҳол-аҳвол сўрашдик.

Мезбонлар кимлигимиз, қаердан келиб, қаёққа кетаётганимиз ҳақида суриштиргач, бироз тортиниш билан ўзлари яшаётган Хўжайи хубон қишлоғи одамларини қийнаб келаётган муаммо ҳақида гапириб қолишди ҳамда бу муаммони олиб чиқиб, мутасаддиларга, шу соҳа масъулларига етказишимизни ҳам илтимос қилишди.

«Бизнинг Хўжайи хубон қишлоғимиз Сангардак шаршарасига кетиш йўлида жойлашган. Тоғда завод, фабрикалар йўқ. Қишлоқ одамлари фақат чорвачилик билан кун кўради. Аммо охирги йилларда шу тирикчилигимиздан ҳам айрилиб қолиш хавфи билан яшаяпмиз. Гап шундаки, тоғларимизнинг яйловлари бу ерлик бўлмаган фермерга берилган. Фермер эса чорваларимизни тоғ яйловларига боқишимизга қўймаяпти.

Тирикчилигимиз шундан бўлса, биз энди нима қилайлик?» – дейди суҳбатдошларимиздан бири Жўра Бобо.

Унинг қўшимча қилишича, қишлоқ ҳудудидаги тоғ ерларини ҳисобига олган фермер ва қишлоқ одамлари ўртасида зиддиятлар кучайиб бормоқда.

Жумладан, сафаримиз куни ҳам хўжайи хубонликларнинг мол-қўйи ўша фермернинг фарзандлари томонидан «гўштга топширамиз» дея, ҳайдаб кетилган экан.

«Одамларимизнинг боши қотган. Энди молимизни қаёққа олиб борамиз, дейишяпти.

Қишлоғимизнинг болалари уларни урмоқчи ҳам бўлишди. Лекин мен уларни тўхтатиб турибман. Бирор ечими топилиб қолар», – дейди Жўра бобо.

Биз тоғликларни қийнаб келаётган ушбу муаммо ва мавжуд зиддиятли вазият бўйича Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовдан изоҳ олдик.

«Тўғри, қишлоқда ўша жойнинг одамлари яшайди, уларнинг тирикчилиги чорвадан. Агар бу одамлар ишли бўлмаса, бирор жойдан даромад келиб турмаса, нима қилиши керак? Масаланинг ечими шундайки, ўша жойлардан аввало хонадонлар фойдаланиши керак.

Мен бу мурожаатни, албатта ўрганиб кўраман. Ечимини қилиб берамиз», – деди ҳоким.

tANjMMJm6DCFvj5GO6UCDlfItUDJblK1.jpg (800×500)
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов

Ўзбекистонда охирги йилларда яйловларнинг кенг тарзда ўзлаштирилиши, фермер ва кластерлар ҳисобига бериб юборилиши ортидан қишлоқ одамларида чорвасини боқиш учун жой етишмаслиги муаммоси юзага келмоқда.

Ўзбекистонда 95 фоиздан ортиқ чорва ҳайвонлари аҳоли хонадонларида етиштирилади.

Яйловлар ва озуқа етишмаслиги, қимматлашиши ортидан эса бозорлардаги гўшт нархи ҳам кескин ўсиб боряпти.

Яқинда нурободлик бир гуруҳ  одамлар туман ҳокимлиги биноси олдига ўз сурувини ҳайдаб келиб, ҳокимдан яйлов талаб қилганди. Ижтимоий тармоққа маълум бўлган шу ҳолатнинг ўзиёқ Ўзбекистонда яйловлар масаласи жиддий қайта таҳлил қилиниши кераклигини кўрсатади.

Чунки муаммо «биз кўп гўшт еяпмиз, шунинг учун ҳам гўшт қиммат», қабилидаги кулгили изоҳлар билан хаспўшланиш даражасидан аллақачон ўтиб кетган.

 Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи: Жаҳонгир Алибоев.

Top