12:00 / 10.04.2021
3307

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ рақамли трансформация жараёнида «Икс холдинг» компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда

Бугун электр энергиясисиз жамият тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди. Уйда дейсизми ёки ишхонада, электр энергияси инсон учун қулай шароит яратадиган ажралмас ёрдамчига айланди. Улкан шаҳарлар, гигант ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам ҳаракатлантирувчи куч – бу электр энергияси. Мамалакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш секторида иссиқлик электр станцияларининг улуши қарийб 86 фоизни ташкил қилади.

Соҳа олдида турган муҳим вазифалардан бири – бошқарув, маълумотлар алмашинув ва ишлаб чиқариш жараёнини рақамлаштириш, тизимга жаҳонда етакчи ҳисобланган IT технологияларни жорий этиш ҳисобланади.

«Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси ва рақамли трансформация дастурини самарали ташкил этиш бўйича «Иссиқлик электр станциялари» АЖда «Икс холдинг» компанияси вакиллари билан ишчи учрашув ўтказилди.

Учрашувда «Икс холдинг» компанияси томонидан «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарда бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш тизимини жорий этиш бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот давомида, компаниянинг соҳа корхоналари фаолияти билан танишиш босқичи якунларига кўра берилган баҳолар эълон қилинди ҳамда кейинги босқичларга тайёргарлик юзасидан келишувларга эришилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур компания билан ҳамкорликда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва унинг корхоналарида инновацион рақамли технологияларни жорий этиш бўйича рақамли трансформацияни амалга ошириш учун «йўл харитаси» ишлаб чиқилган ҳамда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ
Матбуот хизмати

Top