13:50 / 13.04.2021
2394

Ўзбекистон ва Ҳиндистон имтиёзли савдо тўғрисида битим тузиш имкониятини ўрганмоқда

Жорий йил 12 апрел куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов видео-конференц-алоқа орқали Ҳиндистон темир йўллар, савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял билан музокаралар ўтказди.

2020 йил охирида Ҳиндистон билан ўзаро савдо ҳажми қарийб 442 миллион долларни ташкил этди, бу 2019 йилдагидан 25 фоизга кўп. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш бўйича самарали чора-тадбирлар кўришга қизиқиш билдирилди ва яқин истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Жумладан, икки мамлакатнинг тегишли илмий-тадқиқот институтлари томонидан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида битим тузиш имкониятларини баҳолаш бўйича ўтказилаётган қўшма тадқиқот натижаларини тайёрлашни жадаллаштириш юзасидан келишувга эришилди.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли тузилмалар мутахассислари орасидан халқаро транспорт йўлаклари тизимига интеграциялашувдаги тажрибани ўрганиш бўйича қўшма эксперт гуруҳларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар Ўзбекистон транспорт инфратузилмасини қуриш ва реконструкция қилиш соҳасида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.

Top