14:38 / 13.04.2021
24874

Тўра Боболов — Эркинжон Турдимов билан солиштиришлар, коронавирус хулосалари, халқ ишончи ва қанча ойлик олиши ҳақида

Kun.uz вилоятлар ҳокимлари билан интервьюлар ташкил этмоқда.

Навбатдаги суҳбатдошимиз – Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов бўлди.

Интервью ўтган ҳафта эълон қилиниб, илк қисми матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

Тўра Боболов коронавирус берган хулосалар ва ўзининг «ўлди»га чиқарилиши ҳақида

— Бутун дунёда тарқалган касаллик мени ҳам четлаб ўтмади. Ҳақиқатан ҳам оғир кечди. Менда ирода кучли. Иккинчидан, ўша пайтда мен интернетни ўчиргандим. Интернетга қарашга ҳам одамнинг ҳоли бўлмай қоларкан.

Интернетда чиққан гаплардан менинг хабарим йўқ эди. «Ўлди» деган хабарларни ҳам интернетга чиқиб кетгандан 3-4 кун кейин эшитганман.  

Мен ўзим чиқиб гапирганимда ҳам нима учун гапираётганимни билмаганман.

Ўша жараёнда шифокорлар нафас машқлари қилиб туришни маслаҳат беришган. Шунингдек, одам ўтирган жойида ҳам спорт билан шуғулланиб туриши керак.

Мен 35 кун шифохонада даволандим. Шунингдек, 10 кун реабилитацияда бўлдим.

Шуни билдимки, коронавирус одам организмида қайси орган кучсиз бўлса, ўша жой билан курашиб кўрар экан.

Бу касалликни енгиш одамнинг ўзига боғлиқ.

Мен ҳозир ҳам ишга келиш ва кетишда маълум масофага пиёда юраман. Эрталаб камида 10 км юраман. Бир кунда эса 20–22 кмгача юраман.

Спорт билан шуғулланган кишидан бошқа касалликлар ҳам кетар экан. Одамларга тавсия, кўпроқ диетага амал қилишлари керак.

Тўра Боболов вилоятнинг аввалги ҳокимларидан бири Эркинжон Турдимов билан солиштиришлар ва «Турдимов яхшироқ эди» мазмунидаги фикрларга қандай қараши ҳақида

— Мен бу каби фикрларни тўғри қабул қиламан. Эркинжон Оқбўтаевич жуда катта ҳокимлик мактабини ўтаган ва ҳозир ҳам ўтаяпти. Мен кўп айтаман, Эркинжон Оқбўтаевич ҳаммамизни, ташаббускорларни, тадбиркорларни ҳам қўзғатди.

Авваллари, тўғриси, Сурхондарёдаги тадбиркорларнинг кўпи бошқа вилоятларга кетиб қолганди.

Мен Эркинжон Оқбўтаевичнинг ўринбосари сифатида у кишидан кўп нарса ўрганганман.

Эркинжон Оқбўтаевичдаги қарор қабул қилиш хислатларининг айримлари менга ҳам ўтган. У киши жуда тез қарор қабул қиларди ва ечимини ҳам қилиб берарди. Ўз ўрнида маслаҳатларини ҳам берарди.

Республика идораларига ҳам масалаларни кўпроқ қўярди.

Бу гапларни тадбиркорларнинг ўзи ҳам менга гоҳида айтади. Мен буни қабул қиламан.

У киши Сурхондарёда 1 йил 7 ой ишлаган бўлса, жуда катта иш қилинди. Биз ҳозир ҳам бу ишларни давом эттиряпмиз.

Албатта, бу соҳада камчиликларимиз бор.

Тўра Боболов Эркинжон Турдимов даражасида аҳоли меҳрини қозона олдими?

— Йўқ, лекин ҳаракат қиляпмиз.

Ҳоким вилоят аҳолиси унга ишонмаётганини ҳис қилса, мард бўлиб ўзи ариза ёзадими ёки президент «кет» дейишини кутадими?

— Буни вақт кўрсатади. Агар қўлдан келмаса, мард бўлиб кетиш ҳам одамийлик, инсонийлик. Халқ қараб турибди. Сурхондарёда 2 млн 700 минг аҳоли бор. Шуларнинг дард-у ташвиши билан яшаймиз.

Шу одамларнинг қозони қайнаб турадиган бўлса, уларнинг муаммосига ечим топиб беролсам, вилоят ҳокими сифатида ўзимни бахтли деб ҳисоблайман.

Бу ерда ҳокимларга кўп нарса боғлиқ. Ҳозир ҳокимлар ҳам тадбиркор бўлиши керак, деб бежиз айтилмаяпти. Қандай тадбиркор? Тадбиркорлик қилиб, тадбиркорнинг муаммосини ҳал қиладиган тадбиркор.

Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда кўп гапирилаётган Абдуғани Сангинов вилоят фарзанди, вилоятдан сайланган сенатор сифатида Сурхондарёдаги ривожланишлар учун қанчалик ҳисса қўшяпти?

— Абдуғани Абдураҳмоновични «Ўзбекгидроэнерго» раиси ва сенатор сифатида энг фаоллардан бири деб биламан.

Бу киши Сариосиё туманидан вилоятга депутат қилиб сайланган, кейин сенатор. Вилоятнинг ривожланишига қўлини қовуштирадиган одам эмас.

Иккинчидан, раҳбар ва вилоят фарзанди сифатида ҳам фуқароларга ёрдам беришга ҳаракат қилади.

Мен у киши билан кўп мулоқотда бўламан ва айтишим мумкинки, қарор қабул қилишдаги тажрибасидан кўп нарса ўрганса бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилдаги топшириғи бўйича янги электр станция ишга тушиши – бу ҳам жуда катта машаққат.

Ҳозир вилоятнинг олис Кундайи жувоз қишлоғига тоғ орасидан йўл олиб кетиляпти. Бу жойларга бориш ҳам жуда қийин эди. 37та хўжалик бор, лекин электр йўқ. Ҳозир бу уйлар қуёш батареялари билан таъминланди. Бу ишларга ҳам Абдуғани ака катта ҳисса қўшяпти.

Тўра Боболов китоб, адабиёт билан қанчалик яқин?

— Охирги ўқиган китобим Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» асари. Отабек Ҳасановнинг «Лидерлар китоби»ни ҳам ўқидим.

Озарбойжон ёзувчиси Юнус Ўғузнинг «Амир Темур» асари ҳам жуда қизиқ китоб. Умуман олганда, вақт топиб, китоб ўқиб тураман.

Ҳоким ўқишни тавсия қиладиган 5 асар

— «Темур тузуклари», Абдулла Орипов шеърлари, Сирожиддин Саййид китоблари, Шафоат Раҳматилла шеърлари ва Юнус Ўғузнинг «Амир Темур» асари.

Вилоятда футбол ривожи йўлидаги муаммолар ҳақида

— Бу биздаги энг оғриқли масала. Ҳозир «Сурхон» клуби Суперлигада ўйнаяпти. Биз энди асосан маҳаллий футболчиларга эътибор қаратяпмиз.

Иккинчидан, футбол мактабларига эътибор қаратяпмиз. Масалан, Элдор Шомуродов. Жарқўрғонлик йигит.

Биз йил бошидан бошлаб бу масалада кўп ўйландик. Мен ҳафтасига спорт мактаблари вакилларини қабул қилиб тураман. Улар менга бу йўналишда маслаҳатчи.

Куни кеча ҳам «Сурхон» клуби вакиллари билан олдиндаги ўйинлар ва натижалар бўйича гаплашдим.

Бу масалани мен қаттиқ ушлаганман. Уларни қаттиқ танқид ҳам қилдим. Албатта, клубдан яхши натижалар кутяпмиз.

Сурхондарё вилояти ҳокими қанча ойлик олади?

— Ҳокимлар 5 млн ойлик олади. Бундан ташқари ҳам маблағ бор. Бу бюджетга тушадиган ва ҳокимлик ихтиёрида қоладиган маблағлар. Шунинг ҳисобидан ҳомийлик кўрсатилади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчилар: Нуриддин Нурсаидов,
Жаҳонгир Алибоев.

Top