17:59 / 14.04.2021
16236

Глобал босимни мувозанатлаштириш учун Ғарб давлатлари Ўзбекистонга ёрдам бериши керак — Forbes

Маркази Ўзбекистон бўлган Марказий Осиё икки асрдан буён илк бор ўзини намоён қилмоқда. «Буюк ипак йўли» ёқасидаги мамлакатларда ташқи кучлар таъсири остига тушмасдан ўз тақдирини қуриш учун чин имконият вужудга келмоқда, деб ёзади Forbes’да Мелик Кайлан.

Муаллифга кўра, агар минтақавий ва глобал кучлар бирлашмаса, бу имконият катталашмайди ва депсиниб тураверади.

«Нега биз Ғарбдагиларнинг бу билан иши бўлиши керак? Аввало, Ўзбекистон қўшни Афғонистонга катта таъсир ўтказиши мумкинлигидан. Биз амин бўлдикки, Афғонистондаги беқарорлик тезгина бизнинг ўз келажагимизга таҳдидга айлана олади. Таҳдид солувчи радикал кучларни тийиш учун сарфланган сўнгги йигирма йилни йўқотилган йиллар деб ҳисоблаш мумкин, чунки бу давр ичида глобал рақиблар янада куч тўплаб, кенгайиб, жиддий хавф туғдира бошлашди — Европада Россия, Тинч океанида Хитой. Афғонистонни яна исталган дақиқада қуроллантириш мумкин.

Бундан ташқари, Марказий Осиёда илғорлик қилаётган исталган барқудрат давлат нефть ва газдан тортиб, тилла ва урангача бўлган хомашёларнинг арзон ва ҳаттоки эксклюзив харидорига айлана олади. Минтақа худди постсовет даврида бўлганидек, Эрон ва Покистон ўртасида блокланиши мумкин.

Ҳозирнинг ўзидаёқ Хитой ҳар икки давлат учун етакчи савдо ҳамкори бўлишга тайёр. Хитойнинг яқинда ОАВда кўплаб мунозараларни келтириб чиқарган, Эрон билан 400 миллиард долларлик йирик битими Пекинга барқарор арзон нефть харид қилиш имконини бермоқда, Эронга эса Ғарб санкцияларини четлаб ўтишни.

Россияга тўхталадиган бўлсак, унинг мавжудлиги шу қадар билинарлики, тафсилотларга тўхталишга эҳтиёж ҳам йўқ, қисқа ва чуқур тарих ҳам Москванинг минтақа узра кўланка ташлаб туришидан ҳикоя қилади», деб ёзади муаллиф.

Мелик Кайланга кўра, мана шундай ғира-шира манзарада келажакка ягона умид нури Ўзбекистондан чиқмоқда.

«25 йиллик метин бошқарувдан сўнг мамлакат очилди ва ҳайратланарли тезликда гуллай бошлади. Ҳокимият тепасига янги президент Шавкат Мирзиёев келгач, сўнгги тўрт йилда содир бўлган ўзгаришлар шунчаки ажойиб. Март ойида Ўзбекистонга борганимдан сўнг Шимолий Корея стилидаги собиқ режим ва янгиси ўртасидаги фарқ ҳақида икки колонка материал ёздим, чунки бунинг исботига ҳар қадамда дуч келиш мумкин эди. Бу маълум бир даражада Осиё давлати бўлиб, қитъадаги Сингапур, Малайзия, Ҳиндистон каби давлатларнинг муваффақиятли иқтисодий моделларига риоя қилмоқда, лекин қатъий экологик ва тарихий мезонлар асосида. Ўзбекистондаги барча йирик шаҳарлардаги шоҳкўчалар ва унга ёндош бинолар жуда топ-тоза ва таъмирланган. Тарихий жойлар ҳам шунақа — Мамлакат Венециядагидек ундай жойларга тўла. Самарқанд ва Бухоро каби афсонавий шаҳар марказлари кенг миқёсдаги қурилишларни шаҳар четларида бошлашган, тарихий марказ ва атроф-муҳитга зиён етказмаслик учун».

Ўзбекистон президенти Мирзиёев ўзининг дастлабки икки йилини қўшнилар билан чегараларни таъмирлашга жуда донолик билан сарфлагани эътироф этилган.

«У «Ипак йўли» мамлакатларини бирлаштириб, ўзига хос савдо блоки тузиш ниятида эди. Унинг фикрича, бир мамлакатдан кўра бутун бир блокни мувозанатдан чиқариш қийин. Бир вақтнинг ўзида у мамлакатга турли жойлардан инвестициялар киритилишини рағбатлантирди, жумладан, Европа ва АҚШдан ҳам, глобал фондлар мамлакатнинг мустаҳкам пойдевор қўйилишидан, унинг хавфсизлигини таъминлашдан манфаатдор бўлиши учун.

Биз Ўзбекистонда кузатаётганимиз — жўғрофий жойлашув тақдир эканини англатувчи қоидани бузишга ҳаракат қилаётган мамлакат мисолидир. У эркинлик ва мустақилликка гигант гегемон кучларнинг сояси остида интилмоқда.

Ғарб бундай муваффақиятни қўллаб-қувватлаши керак. Чунки совуқ уруш давридан буён бундай иттифоқчиларни қўллаб-қувватлашни эплай олмай келмоқдамиз. Ҳар бир муваффақиятсизлик янада катта қўрқитишга сабаб бўлади», дея ўз фикрларини якунлаган муаллиф.

Top