08:23 / 16.04.2021
1406

Наманганда дастлабки 3 ой давомида жами судланган шахсларнинг 224 нафари  такроран жиноятга қўл урган

Наманган вилоят судида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Унда 2021 йил 1-чорак давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, туман (шаҳар) судлари томонидан жами 1 053 нафар шахсга нисбатан 825  та жиноят иши кўрилган. 774 нафар шахсга нисбатан 565 та жиноят ишлари ҳукм чиқариш билан, 275 нафар шахсга нисбатан 256 та жиноят иши бўйича ҳаракатдан тугатиш билан, 4 нафар шахсга нисбатан 4 та жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўллаш билан якунланган.

Инсонпарварлик тамойилига асосланган ҳолда 6 нафар шахс оқланиб,  55 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.

Таъкидланишича, хотин-қизларга доимий равишда моддий ва ҳуқуқий тарафлама ёрдам кўрсатиб келинаётган бўлса-да, айрим аёллар яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, жиноятга қўл урмоқда.

2021 йил 1-чорагида 109 нафар аёлга нисбатан жиноят ишлари кўрилган бўлиб, шундан 91 нафарига жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган. 

2021 йил дастлабки чорак якунига кўра, 21 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган. 

2021 йилнинг дастлабки чорагида кўриб тамомланган жиноят ишлари соҳа кесимида ўрганилганда, энг кўп МЧЖ, ҲАЖ, хусусий тадбиркор, фермер хўжалиги  раҳбарлари ва ходимлари, таълим тизими ходимлари, тиббиёт соҳаси вакиллари, шунингдек, ўқувчи, талабалар, банк ходимларини ташкил этган.

Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2021 йилнинг дастлабки 3 ойи давомида жиноят ишлари билан биргаликда 8 790 нафар шахсга нисбатан 7 150 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўрилган бўлиб, шундан 
5 554 нафар шахсга маъмурий жазо қўлланилган ва томонларнинг ўзаро келишиб олгани сабабли 3 236 нафар шахс бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар тугатилган.

Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судлари томонидан 2021 йил 1-чорагида 5 672 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган, 1 983 та ариза бўйича суд буйруқлари чиқарилган. 

2021 йил 1-чорагида судларда ер низолари билан боғлиқ ишлар сони  278 тадан 22 тагача камайган. Шунингдек, суднинг иш юритувида бўлган ишларнинг 48 таси бўйича эр-хотинлар яраштирилиб оила тикланган.

Оилавий низоларнинг олдини олиш юзасидан 311 та хусусий ажрим чиқарилган. Никоҳдан ажратиш ҳолатлари кўпайган тегишли туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига 4 та тақдимнома киритилган.

2021 йилнинг дастлабки 3 ойи давомида жами судланган шахсларнинг 224 нафари ёки 21,3 фоиз судланувчилар ўзларига тегишли хулоса чиқармаган ҳолда такроран жиноятга қўл урган, яъни муқаддам судланган шахсларни ташкил этган.

Top