Ўзбекистон | 17:11 / 26.03.2024
12971
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Янги Наманган шаҳри лойиҳаси ва чет тиллар институти қурилиши билан танишди

Президент Наманганда Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тиллар институти кампуси қурилишини кўздан кечирди. Шунингдек, қурилиш ишлари 2 йил олдин бошланган, 200 минг аҳолига мўлжалланган Янги Наманган шаҳри босқичлари президентга тақдимот қилинди. Ҳозирда бу ерда 2 764 та хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилган, яна 648 та хонадонли уйлар қурилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи вақтида Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тиллар институти кампуси қурилишининг бориши ҳамда Янги Наманганни барпо этишга оид тақдимот билан танишди.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилда Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби, боғ ва музей барпо этилган эди. Президент 2021 йилда наманганлик сайловчилар билан учрашувда жадид бобомиз номида чет тиллари олийгоҳи ташкил қилиш мақсадини айтганди. Бу ҳаётга кўчиб, 2022 йилда Тўрақўрғон туманида шундай институт ташкил топди.

Институтда жаҳон тиллари факультети, 6 та кафедра ва 16 та таълим йўналиши бор. Ҳозирда икки босқичда 1 минг 523 нафар талаба сабоқ олмоқда. Келгуси йилларда уларнинг сони яна ортади.

Шунинг учун Янги Наманган ҳудудида 5 гектар жойда олийгоҳ учун янги кампус қурилмоқда.

Ҳозирда минг ўринли ўқув биноси, спорт зали, ошхона қад ростлаган. Уларни шу йил августда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Кейинги босқичларда талабалар ётоқхонаси ва яна бир ўқув биноси барпо қилиниши кўзда тутилган.

Шу ерда Шавкат Мирзиёевга Янги Наманган шаҳри қурилиши босқичлари тақдимот қилинди.

Шаҳар қурилиши икки йил олдин бошланган эди. Бугунги кунда 2 минг 764 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилган, яна 648 та хонадонли уйлар қурилмоқда.

Янги Наманган шаҳри 200 минг аҳолига мўлжалланган. Унда боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий муассасалар, иш ўринлари учун саноат зонаси бўлади. Янги Ўзбекистон боғи ҳам шу ерда барпо этилади.

Давлат раҳбари бу қулайлик, хавфсизлик, сифатли эксплуатацияни мужассам этган ақлли шаҳар бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу боис лойиҳани яна бир бор синчиклаб кўриб чиқиш, сифат назоратини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мавзуга оид