19:20 / 16.04.2021
7271

«Ўзбекнефтгаз»: Энергетика вазири ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси GTL заводидаги қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганди

«Uzbekneftegaz GTL» заводида олиб борилаётган инвестицион лойиҳа ҳолатини ўрганиш мақсадида Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев қурилиш майдонида бўлди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Бугунги кунда лойиҳа ўзининг якуний босқичига етиб келди. Умумий ишлар кўламининг 96 фоизи бажарилди. Заводнинг қурилиш майдонида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, ободонлаштириш ишлари фаол суръатларда амалга оширилмоқда.

Ташриф давомида заводнинг технологик ҳудудларида ишга тушириш олди ишлари ва қувур, ускуналарнинг синов ишлари жараёни билан батафсил танишиб чиқилди.

Энергетика вазири ва Бошқарув раиси асосий подстанция ишга туширилгани ва корхонага электр таъминоти қабул қилиниши бошлангани, шунингдек, 2-сон назорат-ўлчов приборлари ҳамда автоматика хонаси биносида ишга тушириш-созлаш ишлари якунлангани, Марказий бошқарув пульти, назорат-ўлчов приборлари ва автоматика тизими учун сиқилган ҳаво ишлаб чиқариш қурилмаси ишга туширилгани ҳолати билан танишишди.

Ўз навбатида, ишга тушириш-созлаш ишлари давом этаётган ишларни якунлаш бўйича масъуллар ва «Uzbekneftegaz GTL» раҳбари Фахриддин Абдурасуловга кўрсатмалар берилди.

Ўрганиш давомида хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги қоидалари ва талабларига қатъий риоя қилиш, корхонанинг эксплуатация ходимларини юқори сифатли тайёрлаш, шунингдек, ишга тушириш-созлаш ишларини юқори сифат билан бажаришга қаратилган қатор вазифалар берилди.

Шунингдек, заводнинг маъмурий биноси қурилиш ишларининг бориши ўрганилди ва бу ерда ишчи-ходимларнинг ишлашлари учун замонавий технологиялар ўрнатиш ва шунга қараб қурилишни давом эттириш кераклиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳозирда қурилиш майдонларида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаш, уларга керакли шароитларни мунтазам яратиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг бош пудратчилари – Кореянинг «Hyundai Engineering», «Hyundai Engineering & Construction» ҳамда «Enter Engineering» (Сингапур) консорциуми томонидан заводда ускуналарни ишга тушириш ишлари фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Ишга тушириш-созлаш олди ва ишга тушириш-созлаш ишларини бажаришда ҳозирги кунда 500 донадан зиёд техника жалб этилган бўлиб, қурилиш майдонида 9 мингдан ортиқ киши меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

«Uzbekneftegaz GTL» заводи ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёқилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати 

Top