21:45 / 20.04.2021
4120

Йил бошидан бери йўл-қурилиш ишларида йўл қўйилган қоидабузарликлар бўйича маълумот берилди

Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси йил бошидан буён 1140та йўл-қурилиш объектлари ва йўл-қурилиши материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўрганишлар ўтказган. Бу тадбирларда эса 1848та қоидабузилиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда бугун, 20 апрел куни ўтказилган матбуот анжуманида Инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари Темур Темурбоев маълум қилди.

«Бу қоидабузилишларни бартараф этиш бўйича буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, йўлларни сақловчи ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимларига 1150та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Йўл-қурилиш объектларида ва йўл-қурилиши материаллари ишлаб чиқаришда қўпол равишда қоидабузилишларга йўл қўйган шахсларга нисбатан чоралар қўллаш бўйича 31 та маъмурий баённома суд органларига юборилган»,  – деди у.

Темур Темурбоевга кўра, назорат қилиниши натижасида 26та ҳолат бўйича 2 млрд. 168.77 млн. сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар ҳам киритилган.

«Шунингдек, бугунги кунда 9та ҳолат бўйича 202.22 млн. сўм миқдорида сифатсиз бажарилган ишлар бартараф этилди, қолган 17та ҳолатдаги 1 млрд. 966,55 млн. сўмлик сифатсиз бажарилган ишларнинг ижроси давлат инспекторлари назорати остига олинган.

Сунъий иншоотлар ҳолатини ўрганиш бўйича 60та объектда 134та қоидабузилиш ҳолатлари аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича 30та ёзма кўрсатма берилди», – дея Инспекция бошлиғининг биринчи ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top