17:23 / 22.04.2021
14321

Тожикистон Россия авиакомпанияларидан икки кун ичида чипта нархларини пасайтиришни талаб қилди

Таъкидланишича, баҳор-ёз мавсумида Россияга парвоз қилишни истаган тожикистонликлар сони кўпайган, Россия авиакомпаниялари эса «авиачипталар нархини ошириб», бундан фойдаланиб қолган.

Фото: РИА Новости

Тожикистон авиация раҳбарияти Россия авиакомпанияларидан икки кун ичида чипта нархларини пасайтиришни талаб қилди. Акс ҳолда фуқаро авиацияси агентлиги улар томонидан чартер рейслари амалга оширилиши борасида тегишли чораларни кўради. Бу ҳақда «Азия-Плюс» Тожикистон фуқаро авиацияси бошлиғи Икром Субҳонзодага таяниб  хабар берди.

 Икром Субҳонзоданинг сўзларига кўра, баҳор-ёз мавсумида Россияга парвоз қилишни истаган тожикистонликлар сони кўпайган, Россия авиакомпаниялари эса «авиачипталар нархини ошириб», бундан фойдаланиб қолган.

«Авиакомпаниялар чипта нархини ошириш ўрнига чартер рейслари сонини кўпайтириши керак», деган у.

Субҳонзоданинг таъкидлашича, Россия авиакомпаниялари икки кун ичида авиачипталар нархини пасайтириши лозим, акс ҳолда, уларнинг чартер рейсларини амалга оширишига рухсат бериш бўйича тегишли чора кўрилади.

Бундан ташқари, Россия авиакомпаниялари ҳар ойда фуқаро авиацияси агентлиги ва транспорт прокуратурасига Россияга йўналишлар бўйича чипталарнинг минимал ва максимал нархи тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

Ҳозирда Россия ва Тожикистон ўртасида ҳафтада икки марта мунтазам авиақатнов амалга оширилмоқда, аммо улар учун барча чипталар ёзгача сотиб бўлинган.

Шу билан бирга, Россия авиакомпаниялари томонидан бир ҳафтада 20дан ортиқ чартер қатновлари йўлга қўйилган.

Фуқаро авиацияси агентлиги мунтазам авиақатновлар учун Душанбедан Москвага бориш-қайтиш авиачиптаси нархини 500 доллар этиб белгилаган.

Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, чартер рейслари учун авиачипталар нархи 15 минг сомонийгача (1315 доллар) боради. 

Top