05:45 / 23.04.2021
12160

Шавкат Мирзиёев интернет хизматлари ҳажмини камида 2 бараварга ошириш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 октябригача халқаро ва вилоятлараро магистрал йўллар ёқасида намунавий лойиҳалар асосида камида 500 тадан савдо ва хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

«Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов вилоят ҳокимлари билан бирга икки ой муддатда хавфсизлик талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда, жойлардаги аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар ҳудудларида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш бўйича танлов ўтказиб, лойиҳаларни бошлайди.

Вилоят ҳокимлари масъул вазирликлар раҳбарлари билан бирга 2021 йил 1 октябрга қадар халқаро ва вилоятлараро магистрал йўллар ёқасида, намунавий лойиҳалар асосида камида 500 тадан савдо ва хизмат кўрсатиш объектини ташкил этиши ва 50 мингта янги иш ўрни яратиши шарт.

Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ахборот соҳасида хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш, нархларни арзонлаштириш ва сифатини ошириш ҳисобига алоқа ва интернет хизматлари ҳажмини камида 2 бараварга (20 триллион сўм) ва дастурлашни эса 3 бараварга (2,5 триллион сўм) оширишни таъминласин», деди давлат раҳбари.

Ғаниев, Хўжаев, Ҳамроев вилоят ҳокимлари билан бирга икки ҳафта муддатда ҳар бир пахта ва ғалла кластерларида энг муҳим турдаги агрохизматлар кўрсатишни йўлга қўйиши, бунда, аграр соҳада 17та йўналишдаги хизматлардан қанчасини кластерлар ташкил этилишини белгилаб, кластерлар кесимида тақсимлайди ва ижросини шахсан назоратга олиши бўйича топшириқ берилган.

Top