11:37 / 23.04.2021
4577

ХДП: «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбариятининг фаолиятига қатъий баҳо берилиши зарур»

Халқ демократик партияси Миграция агентлиги орқали ишлаш учун борган бир неча юз ўзбекистонлик Москва областидаги ишчилар ётоқхонаси ҳудудида оммавий норозилик билдириши юзасидан муносабат билан чиқди.

Маълумот учун, норозиликка чиққан ўзбекистонликлар деярли 2 ойдан буён карантинда қолмоқда, паспортлари олиб қўйилган.

«Уч ойдан бери карантинда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатисиз, на ейишида ва на дам олишида ҳаловати йўқ, шароитсиз қийналаётган юртдошларимизни кўз олдингизга келтирсангиз, ҳам раҳмингиз келади, ҳам қаҳрингиз.

Самимий, меҳнаткаш, бағрикенг халқимиз ўғлонларининг ўзга юртларда иш излаб, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга мажбур бўлишига ким айбдор?..

Нима учун Ўзбекистон арзон ишчи кучи етказиб берувчи давлатга айланиб қоляпти?..

Ташқи миграция агентлиги вазият бўйича баёнот берди, бу вазият юзага келгани учун, энг аввало, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва агентлик масъуллари айбдор эмасмилар?

Баёнотда ўрганиш ишлари олиб борилиб, ушбу вазият назоратга олингани, муаммоларни бартараф қилиш бўйича «АНТЭК» МЧЖ раҳбарияти билан музокаралар олиб борилаётгани айтиб ўтилган.

Юртдошларимизнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, эркинликлари чекланган ҳолатда мажбуран ушлаб турилиши – инсон ҳуқуқларига зидлигини инобатга олсак, давлат ҳимоясида эканига ишонч билан кетган фуқароларимизнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига Агентлик ёки вазирлик масъулларида жавоб борми?» – дейилади муносабатда.

ХДП муносабатига кўра, юртдошларимиз дунёнинг қайси манзилида бўлишса ҳам уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилиниши шарт.

«Норозилик намойиши келиб чиқиш сабаблари атрофлича ўрганилиб, юртдошларимизнинг ҳуқуқлари тикланиши, масалани тинч йўл билан ҳал қилиш ва ушбу вазият юзага келишига айбдор барча шахслар тегишли тартибда жазоланиши шарт, деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатимизда бандлик масаласи жуда долзарб бўлиб бораётган вақтда, масъул вазирликнинг бунга нисбатан аниқ мақсадли, натижали режалари, стратегияси борлиги сезилмаяпти. Шу боис ҳукумат аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ сиёсатини тубдан қайтадан кўриб чиқиши, бу борада сусткашлик қилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбариятининг фаолиятига қатъий баҳо бериши зарур, деб ҳисоблаймиз», – дейилади хабарда.

Top