08:51 / 01.05.2024
3102

Москва суди вертолётни ёқиб юборишда айбланган 5 кишини ҳибсга олди

Барча айбланувчилар теракт ташкиллаштиришда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилардан бири Украина махсус хизматлари томонидан ёлланган.

Фото: Felix Kästle/dpa/picture-alliance

Москванинг Дорогомилов туман суди тергов талабига биноан Москванинг Остафево аэродромида Ка-32 вертолётини ёқиб юборишда айбланган беш кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда 30 апрел, сешанба куни Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати маълум қилди.

Матбуот хизматига кўра, Станислав Хамидулин, Даниил Ямсков, Никита Булгаков, Анастасия Молчалина ва Роман Яковец тергов изоляторига жўнатилди. Уларнинг барчаси бир гуруҳ шахслар томонидан уюштирилган ва катта миқдорда зарар етказган террорчилик хуружида айбланмоқда (Россия Жиноят кодексининг 205-моддаси). Гумонланувчиларга 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Тергов маълумотларига кўра, Станислав Хамидулин Украина махсус хизматлари томонидан ёлланган, шундан сўнг у «жиноий гуруҳ ташкилотчиси ролини ўз зиммасига олган» ва бошқа айбланувчилар билан бирга ўт қўйиш натижасида вертолётни йўқ қилган.

Baza Telegram-каналига кўра, сўроқ пайтида тўрт нафар гумонланувчи аввалроқ Москвада ўт қўйишни содир этганини тан олган. Хусусан, 22 апрел куни – вертолёт ёқиб юборилишидан бир неча кун олдин – уларнинг тўрт нафари, Baza хабарига кўра, «Белорусская» станциясидаги реле шкафига ўт қўйган.

Транспорт вертолётига ўт қўйиш 

26 апрелга ўтар кечаси Остафево аэродромида номаълум шахслар Москва авиация марказининг ёнғинларни ўчиришда фойдаланиладиган Ка-32 транспорт вертолётини ёқиб юборди. Ўт қўйиш учун жавобгарликни Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») ўз зиммасига олди. «ГУР» баёнотига кўра, вертолёт, жумладан, Россия армиясининг «операцияларини қўллаб-қувватлаш» учун ишлатилган. 

Top