15:47 / 24.04.2021
7660

Марказий банк раиси 30та банкка жарима солинганини маълум қилди

2020 йилда ўтказилган текширувлар натижасида қонунчилик талабларини бузган банкларга 8,1 млрд сўм жарима қўлланилган. 

Фото: KUN.UZ

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 23 апрелдаги Сенат мажлисида банклар ва уларнинг филиалларида комплекс ҳамда тематик характердаги текширувлар ўтказилгани ҳақида гапирди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, 30та банкка 66 ҳолат бўйича жарима санкциялари қўлланилган.

«2020 йилда кредит ташкилотлари фаолиятини масофавий назорат қилиш билан бир қаторда банклар ва уларнинг филиалларида келгусида юзага келиши мумкин бўлган банк хатарларини, яъни молиявий йўқотишларни баҳолаш ёндашувида комплекс ва тематик характердаги текширувлар ҳам ўтказиб борилди.

Текширувлар натижаларига кўра:

  • Марказий банк томонидан 2020 йил мобайнида банк қонунчилиги талабларини бузганлиги учун 30та банкка нисбатан 66та ҳолат бўйича жами 8,1 млрд сўм миқдорида жарима санкциялари;
  • 5та банкка нисбатан айрим банк операцияларини амалга оширишни вақтинчалик тақиқлаб қўйиш чоралари қўлланилди», деди ташкилот раиси.

Аввалроқ, банклар томонидан асоссиз ундирилган 445 млн сўм маблағ фуқароларга қайтариб берилгани хабар қилинганди.

Шунингдек, Марказий банк томонидан банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2020 йилда 30та тижорат банкидан 730 млн сўмлик жарима ундирилган.

Top