14:42 / 24.04.2021
21825

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигидаги йиғилишда талон-торож ва ўғриликка йўл қўйган масъул мансабдорлар лавозимидан озод этилди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раҳбарлигида Бухоро вилоятининг Газли ҳудудида жойлашган ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида амалга оширилаётган ишлар сарҳисобига оид танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Йиғилишда Бошқарув раиси сўнгги йилларда Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталар экан, эришилаётган натижалар яратиб берилаётган имкониятларга мос бўлмаётганини таъкидлаб ўтди.

– Жумладан, Газли заводида йиллик қуввати 5,0 млрд куб метр табиий газ босимини ошириб беришга мўлжалланган Учқир сиқув компрессор станцияси, Газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғи, янги қозонхона, Газни қуритиш қурилмаси ҳамда Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси фойдаланишга топширилди. “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш мажмуаси “Газли” газни қайта ишлаш заводи деб номланди, – деди Меҳриддин Абдуллаев.

Таъкидлаш керакки, “Учқир” газни олтингугуртдан тозалаш мажмуасида бугунга қадар 120 тонна газ конденсати қазиб олинган бўлса, янги замонавий технологияларни жалб этилиши ва қуриб ишга тушириш натижасида кунлик жами 450 тоннага яқин суюқ углеводородлар қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шундан, Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг 2-босқичида бугунги кунда ўртача кунлик 175 тоннадан суюлтирилган газ ишлаб чиқарилмоқда ва шу кунларда аҳоли истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Яратилаётган шароитларга қарамай, ишлаб чиқариш ҳажмида кескин ўзгариш кузатилмагани Бошқарув раиси томонидан кескин танқид қилинди, қуйидагилар айтиб ўтилди.

– Бугун очиқ-ойдин айтишимиз керакки, катта ўзгаришлар бўлишига қарамай, раҳбарларни қайта-қайта алмаштиришимиздан қатъи назар Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларида кутилган натижаларга эришилмаяпти. Бошқармада 29 та нефть ва газ конлари мавжуд бўлиб, шундан 23 та кон ишлатилмоқда.

2021 йилда кўрсаткичларни амалга ошириш учун бир қатор геологик-техник тадбирлар белгилаб олинган бўлиб, бунда 48 та янги қудуқларда бурғилаш ишларини тугатиб ишга тушириш (шундан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан 10 та ҳамда 2017–2021 йиллар дастури доирасида 38 та), 120 та мавжуд қудуқларда капитал таъмирлаш ва интенцификация ишларини бажариш, 7 та технологик объектларни қурилиш билан тугатиб ишга тушириш натижасида 977,2 млн куб метр табиий газ ва 17,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқаришга эришилади.

Йиғилишда Бошқарув раиси бошчилигида “Ишчи гуруҳ” аъзолари жойларга чиқиб, объект ва конларда олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида керакли тавсиялар берилгани, имкониятлар яратилгани, лекин қудуқлар фонди билан ишлаш, ободонлаштириш, шунингдек, қудуқларни жиҳозлаш йўналишида бир неча бор огоҳлантиришлар берилишига қарамай, умуман ўзгаришлар кузатилмагани маълум қилинди.

2020 йилни сарҳисоб қиладиган бўлсак, табиий газ қазиб чиқариш 4,2 млрд куб метрни, (режа 5,029 млрд) режа бажарилиши 85,1%ни ташкил этди.

2020 йилда бурғилашдан 26 та қудуқ ишга туширилди, мавжуд 131 та қудуқларда мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишлари амалга оширилди, 11 та технологик тадбирлар бажарилди. Ушбу геологик-техник тадбирлардан 1 млрд 184 млн куб метр табиий газ олиниши режалаштирилган бўлсада, амалда 630,3 млн куб метр табиий газ қазиб олинган, ёки 553,9 млн куб метр режалаштирилган табиий газ қазиб олинмаган.

Бошқарув раиси кон ва қудуқларда бўлаётган ўғирликларни кескин танқид қилиб, бунга беэътибор бўлганларга интизомий жазо чоралари кўрилишини маълум қилди ва шу йилнинг 5 апрелига ўтар кечаси содир этилган ўғирлик борасида маълум қилди.

Маълум бўлишича, Бухоро вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор чора-тадбирда чўл ҳудудида жойлашган “Миркомил-Саватли” газ конларидаги диаметри 326 мм бўлган газ қувурининг 6-7 километр оралиғида қўл бола хомут қўйилиб, 10х3 метр катталигидаги селофандан тайёрланган ҳовуз орқали давлат рақамисиз КАМАЗ русумли автомашинаси ҳамда 2 нафар Пешку тумани фуқаролари ашёвий далиллар билан, яъни 1 тоннали темир идиши, 11 та сиғими 200 литрли пластмасса идиши ва қўлбола сиғимлардаги конденсат маҳсулоти билан қўлга олинган.

Жами ўғирлик сиғимларидан ва ҳовуздан олинган конденсат маҳсулотларнинг ҳажми 16,5 тоннани ва қиймати 90,8 млн сўмни ташкил этган. Юқорида кўрсатилган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Бухоро вилояти Қоракўл туман ИИБ тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу ҳолатларнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ҳодисага қарийиб 17-18 кун бўлган бўлса-да, Бошқарма раҳбарияти томонидан бу ҳақда Жамиятга ҳам, тегишли департаментларга ҳам хабар берилмаган.

Шу сабабли, Бошқарув раиси бугундан бошлаб янги тартиб ўрнатилишини ва эндиликда қўриқлаш ишларини амалга оширишда, шунингдек, ҳар қандай якка тарздаги ёки тизимли ўғирлик ҳолатларини олдини олишда Миллий гвардия билан биргаликда назорат ишлари олиб борилади, деди.

Таъкидлаш жоизки, Бошқармадаги масъул раҳбар ходимлар ва мутахассисларнинг эътиборсизлиги, бошқарма, завод, жамоа тақдирига бефарқ бўлиши, мулкга хўжасизларча муносабатда бўлиши натижасида жуда кўплаб молиявий хатоликларга, талон-торожликларга, пул маблағлари ноўрин, самарасиз ишлатилишига, ҳисоб ва ҳисоботларни юритишдаги турли чалкашликлар, ноаниқликларга йўл қўйилиб келинмоқда.

Масалан, товар моддий бойликларни сотиб олиш учун тақдим қилинган буюртмаларни етарлича ўрганилмасдан харид қилингани сабабли, заруратдан ортиқча маҳсулотлар сотиб олинган. Бугунги кунда бошқарманинг омборларида жами 67,2 млрд сўмлик товар моддий бойликлари мавжуд бўлиб, шундан 7,4 млрд сўмлик (8,7%) қимматликлар ноликвид ҳолатда, бугунги кунда умуман эҳтиёж бўлмаган холда ва 0,7 млн сўмлик қимматликлар фойдаланишга яроқсиз ҳолатда сақланмоқда.

Бошқармада Жамият мулкини сақланишига бўлган муносабат ҳам ўзига яраша, ҳеч кимни иши йўқ. 2020 йилда Бошқарманинг 2 та моддий жавобгар шахслари жавобгарлигидаги жами 420,1 млн  сўмлик камомадига йўл қўйилган. Ушбу ҳолатларни ҳужжатлар тегишлилиги бўйича чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тақдим қилинди.

Бошқарма томонидан 2020 йил давомида ҳамда жорий йилнинг 22 апрелига қадар жами 448 та қиймати 459,6 млрд сўмлик шартномалар Жамиятнинг Ғазначилик ва молиявий операциялар департаментига тақдим қилинган бўлиб, улардан 117 та 223,84 млрд сўмлигида “Ўзбекнефтгаз” АЖда харажатларнинг ғазна ижроси қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаган.

Бошқарув раиси Бошқармада йўл қўйилаётган салбий ҳолатларни атиги бир қисмини санаб ўтилгани, афсуски, бундай ҳолатлар Жамият обрўсига путур, манфаатларига зарар етказишини билдириб, бир неча кундан бери “Ишчи гуруҳ” томонидан ходимларнинг фаолияти чуқур ўрганиб чиқилгани ва ўн нафардан ортиқ ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини маълум қилинди.

Жумладан, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори вазифасини бажарувчиси Мажидов Абдулло Каххорович, Бош муҳандис Ражабов Аброр Самиевич, Умумий ишлар бўйича директор ўринбосари Эгамов Алишер Усмонович, Бухгалтерия ҳисоби бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчиси Рустамов Рахмон Султонович, Кадрлар бўлими бошлиғи Сайфуллаев Махмуд Ахадович, Молия ва ғазначилик департаменти етакчи мутахассиси Абдуллаева Алия Жалиевна, Метрология, автоматлаштириш ва стандартлаштириш хизмати бошлиғи Ражабов Саид Садуллаевич, Харидлар бўлими бошлиғи Юлдашев Раҳим Насимович, Ташкилий ривожлантириш ва ходимларни рағбатлантириш бўлими меҳнатни ташкил қилиш ва меъёрлаш бўйича муҳандис Ашуров Джурабек Салимович, Тижорат департаменти логисти Хамроев Мансур Олимович, Таъмирлаш ишлари хизмати бошлиғи Фозилов Собир Жураевич, Қудуқларни тўла таъмирлаш цехи бошлиғи Ниёзов Улуғбек Мадиёрович, “Кўлбешкак” 1-цех бошлиғи Садиев Ғайратулла Насруллаевич, “Дояхотин” 2-цех бошлиғи Джалилов Нодир Тўймуродович, “Қумли” 3-цех бошлиғи Юсупов Истам Ахтамович, “Тўмарис” 4-цех бошлиғи Дженбаев Абдижапбар Якупович, Автотранспорт цехи бошлиғи Тешаев Насим Намозович, Транспорт бўлими бошлиғи Мухторов Махмуд Набиевич эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ўз навбатида Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига янги раҳбар ва унинг ўринбосарлари тайинланди:

– “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ бошқармаси “Ўртабулоқ-Денгизкўл” нефть ва газ конлари мажмуаси бошлиғи Назиров Хислат Розикович – Бошқарма раҳбари;

– Темиров Ғайрат Ёрович – Бош муҳандис;

– Абдурахманов Лазиз Баходурович – Умумий ишлар бўйича директор ўринбосари;

– Раимов Сирожиддин Чориевич – бухгалтерия ҳисоби бўлими бошлиғи;

– Латипов Ильхом Мустафаевич – кадрлар бўлими бошлиғи.

Бошқарув раиси томонидан йиғилиш якунида янги раҳбарга ва Бошқарма масъулларига жорий йил якунига қадар табиий газ қазиб чиқаришни 5 131,2 млн куб метрга ошириш чоралари ёки 2020 йил кўрсаткичига нисбатан 107,4% ўсиш суръатини таъминлаш, Газ конденсати қазиб чиқариш 117,4 минг тоннага ошириш ёки 247,6% ўсиш суръатини таъминлаш ва шундан, 73,3 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни таъминлаш чоралари кўрилиши бўйича топшириқлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ
Матбуот хизмати Ⓣ

Top