10:51 / 26.04.2021
11099

Қорақалпоғистонда Қизил китобга киритилган цистанхе ўсимлигини хитойликлар ноқонуний териб олиб кетаётгани айтилмоқда

Ижтимой тармоқда Тўрткўлда Қизил китобга киритилган шўравор цистанхе ўсимлиги хитойликлар томонидан ноқонуний терилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди

Хабарда ёзилишича, цистанхе ўсимлигини Тўрткул тумани «Анҳорли» МФЙдаги «Боғяп канали» қурилиши учун келган хитойликлар ноқонуний равишда  ишчиларга тердиртиришмоқда. 

«Ишончимиз комилки, Қорақалпоғистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси  мазкур ҳуқуқбузарликнинг олдини олиб, шифобахш ўсимликларни асраб қолишади ва уларнинг ноқонуний равишда чет элга олиб чиқилишига йўл қўйишмайди», — дейилади хабарда.

Қорақалпоқ давлат университетининг экология ва тупроқшунослик кафедраси доценти Низаматдин Мамутовнинг сўзларига кўра, 2 минг йилдан буён Хитой тиббиётида фойдаланиб келинаётган бу ўсимлик кўп касалликларга даво ва умрни узайтириш хусусиятига эга. Цистанхе бўғинлардаги оғриқлар, буйрак касалликларини даволаш, шунингдек, хотира ва иммунитетни мустаҳкамлаш, асабни тинчлантиришда, айниқса, мия ўсимтасининг олдини олишда тенги йўқ дармон ҳисобланади.

Маълумот учун, цистанхе ўсимлиги Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. У Амударё дельтаси, Қизилқум ва Устюрт кенгликларида тарқалган ҳамда «чўл женьшени», «саҳродаги ҳаёт илдизи», «олтин томир» деб номланади.

Top