12:45 / 27.04.2021
12760

Сифатсиз бензин сабабли мотори ишдан чиққани айтилган «Мalibu 2» юзасидан муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда «Маlibu 2» автомашинаси мотори сифатсиз бензин қуйилгани сабаб ишдан чиққани тўғрисида видео тарқалди.

Энергетика вазирлиги сифатсиз бензин қуйилиши натижасида мотори ишдан чиққани айтилаётган «Мalibu 2» автомобили юзасидан муносабат билдирди. Қайд этилишича, мазкур масала бўйича ўрганишлар олиб борилган ва двигател носозлигига бензин сифати боғлиқ бўлмаслиги аниқланган.

«Жорий йил 22 апрел куни ижтимоий тармоқларда ёритилган видеолавҳада «Маlibu 2» русумли автомашинанинг мотор двигатели ишдан чиққанлиги ва головка цилиндр қисми қора мой бўлиб кетганлиги, бунга сабаб қилиб автобензин сифатсизлиги кўрсатилган.

Ушбу лавҳа бўйича мутахассислар билан олиб борилган суҳбатлар давомида, автобензин мотор қисмига келиб ёниш жараёнига қадар бир неча фильтрлардан ўтиши сабабли, ушбу носозлик автобензин сифатига боғлиқ бўлмаслиги таъкидланди», дейилади муносабатда. 

Маълум қилинишича, вазирлик томонидан истеъмолчиларни юқори сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича доимий назорат ўрнатилган.

Хусусан, 2021 йилнинг ўтган даврида 22 минг 668 тонна нефть маҳсулотларидан намуналар олинган ва сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинган. Натижада шундан 745 тонна маҳсулот  сифатсиз деб топилган.

Шу билан бирга, импорт асосида олиб келинган 44 минг 855 тонна нефть маҳсулотларидан намуналар олиниб, лаборатория шароитида сифат кўрсаткичлари таҳлил қилинганида, маҳсулотлар сифатли деб топилиб, тегишли хулосалар берилган.

«Импорт асосида кириб келаётган маҳсулотлар ҳалқаро стандартларга мувофиқ бўлиб, бундан ташқари давлат чегараларидан олиб киришда аккредитациядан ўтган лабораториялар хулосалари тақдим этилиши талаб этилади. Импорт автобензинлари сифати бузилиш ҳолатлари баъзи нопок тадбиркорлар томонидан республика ҳудудида амалга оширилмоқда. Бу эса импорт маҳсулот дейилмайди», дея ёзади вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, текшириш ва ўрганишлар давомида сифатсиз автобензин ёнилғиси аниқланган ҳолларда ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириб келинган.

Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» нефт базаси ва айрим хусусий АЁҚШларда аҳолига сотилаётган автобензин ва дизел ёнилғиларининг сифатини ўргангани, натижада сифатсиз бензин хорижда ишлаб чиқарилганини маълум қилганди. Компания ишлаб чиқарилаётган автобензин ва дизел ёнилғиларининг сифат кўрсаткичлари амалдаги давлат андозалари талабларига мос эканини билдирган.

Top