20:00 / 27.04.2021
11850

Тожикистоннинг талабидан сўнг Россия авиакомпаниялари чипталар нархини арзонлаштирди

Минимал нарх 3 минг сомонийдан (263 доллар) бошланади ва авиарейслар йўналишидан келиб чиқиб 8500 сомонийгача (745 доллар) боради.

Тожикистон авиация раҳбарияти Россиянинг тўртта авиакомпаниясидан авиачипталар нархлари борасида маълумотнома олди, деб маълум қилди фуқаро авиацияси агентлиги раҳбари Икром Субҳонзода.

«Талабимизга мувофиқ, Россиянинг тўртта авиакомпанияси бизга жавоб қайтарди ҳамда Тожикистондан Россияга амалга оширилаётган чартер рейслари учун минимал ва максимал нархларни таклиф қилди. Минимал нарх 3 минг сомонийдан (263 доллар) бошланади ва авиарейслар йўналишидан келиб чиқиб 8500 сомонийгача (745 доллар) боради», - деди Субҳонзода.

Унинг сўзларига кўра, авиачипталарнинг ўртача нархи 6-6,5 минг сомонийни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 22 апрел куни Тожикистон авиация раҳбарияти Россия авиакомпанияларидан икки кун ичида чипта нархларини пасайтиришни талаб қилган, акс ҳолда фуқаро авиацияси агентлиги тегишли чораларни кўришини билдирганди.

 Ўшанда Икром Субҳонзода баҳор-ёз мавсумида Россияга парвоз қилишни истаган тожикистонликлар сони кўпайгани, Россия авиакомпаниялари эса «авиачипталар нархини ошириб», бундан фойдаланаётганини айтганди.

 Ҳозирда Россия ва Тожикистон ўртасида ҳафтада икки марта мунтазам авиақатнов амалга оширилмоқда, аммо улар учун барча чипталар ёзгача сотиб бўлинган.

 Шу билан бирга, Россия авиакомпаниялари томонидан бир ҳафтада 20дан ортиқ чартер қатновлари йўлга қўйилган.

Фуқаро авиацияси агентлиги мунтазам авиақатновлар учун Душанбедан Москвага бориш-қайтиш авиачиптаси нархини 500 доллар этиб белгилаган.

Top