15:55 / 28.04.2021
18766

Электрон пуллар нима ва улардан қандай фойдаланиш мумкин? МБ мутахассиси изоҳ берди

Ўзбекистонда 5та турдаги электрон пуллар тизими рўйхатга олинган. Даставвал, электрон пуллардан фойдаланиш учун идентификациядан ўтиш лозим. Электрон пулларнинг асосий афзалликларидан бири, банк ҳисобварағини очмасдан туриб, тўловларни амалга ошириш имкониятининг мавжудлигидир.

Марказий банк департаменти бош иқтисодчиси Шоира Раҳимжонова электрон пуллар ва улардан қандай фойдаланиш бўйича маълумот берди.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 5та турдаги электрон пуллар тизими рўйхатга олинган. Умуман олганда электрон пуллар тўлов воситаси ҳисобланиб, электрон ҳамёнларда сақланади.

Даставвал электрон пуллардан фойдаланиш учун идентификациядан ўтиш лозим.

Электрон пул эгасининг идентификация қилинмаган электрон ҳамёнида сақланадиган электрон маблағнинг энг кўп суммаси 5 БҲМ( Базавий ҳисоблаш миқдори)га тенг бўлган суммадан, битта операциянинг энг кўп суммаси 1БҲМга тенг бўлган суммадан ошмаслиги белгиланган.

Шунингдек, идентификация қилинган электрон ҳамёнлар орқали битта операциянинг энг кўп суммаси 100 БҲМга тенг бўлган суммадан ошмаслиги маълум қилинди.

«Электрон пулларнинг асосий афзалликларидан бири, банк ҳисобварағини очмасдан туриб тўловларни амалга ошириш имкониятининг мавжудлиги ва тезкор тизимнинг йўлга қўйилганлигидадир. Шу билан бирга тўловларни амалга ошираётган пайтда воситачилик ҳақининг бошқа тўлов воситаларига қараганда арзонлиги ҳисобланади», деди Шоира Раҳимжонова.

Айни пайтда электрон ҳамёнлар ёрдамида мобил операторлар, коммунал тўловлар, телевидения ва такси хизматлари учун ўтказмаларни aмалга ошириш мумкин.

Шу билан бирга электрон пулдан фойдаланиб, хорижий валютада эмиссия қилинган электрон пулларни айирбошлаш имконияти ҳам мавжуд.

2021 йил 1 апрел ҳолатига кўра, 5 миллион 691 мингта электрон ҳамёнлар рўйхатга олинган. Шунингдек, жорий йилнинг биринчи чорагида электрон пуллар тизимларида амалга оширилган тўловлар ҳажми 28,5 миллиард сўмдан ошган.

Top