10:49 / 28.04.2021
2727

Навоийда фермерлар ва аҳолининг пулини талон-торож қилган банк ходимларига жиноий иш қўзғатилди

Фото: KUN.UZ

Навоий вилоятида фермерлар ва аҳолининг пулини талон-торож қилган банк ходимларига жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан АТБ «Микрокредитбанк» Кармана филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, филиалнинг собиқ етакчи мутахассиси Ф.Ф. ва «L.B.» МЧЖ, «Z.Ch.» фермер хўжалиги раҳбарлари фуқаролар номига уларнинг хабардорлигисиз жами 175,5 миллион сўм имтиёзли кредитни расмийлаштириб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Хатирчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Асакабанк» АЖнинг Навоий филиали мутахассиси Ш.Ш. ва бошқалар 191та ҳолатда мижозлардан қабул қилинган 142,9 миллион сўмни кредит қарздорлигини сўндиришга йўналтирмасдан, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб талон-торож қилгани маълум бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top